Фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат этиш талаблари


4-модда. Судга мурожаат қилиш шакли

Судга мурожаат қилиш:

фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича — даъво аризаси шаклида;

буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза шаклида;

апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига мурожаат этилганда — шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.


5-модда. Фуқаролик иши

Фуқаролик иши ишда иштирок этувчи шахслар, фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёки суд томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар ва суд ҳужжатлари асосида суд томонидан шакллантирилади.

Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.

Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишининг қоғоздаги кўчирма нусхаси бўлиши мумкин.

Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.

Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, суд ҳужжатлари судьянинг (судьяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишини бошқа судга ёки ўзга органга ўтказиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.


6-модда. Суд ҳужжатлари

Суд кўрилаётган ва ҳал этилаётган масала бўйича ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва буйруқ қабул қилади.

Биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади, ушбу Кодекснинг 18-бобида назарда тутилган ҳолларда эса суд буйруғи қабул қилади.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича қарор чиқаради.

Суд қонунда ўзининг ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш натижалари бўйича қарор чиқаради.

Суд иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.


171-модда. Суд буйруғини бериш бўйича талаблар

Суд буйруғи қуйидаги ҳолларда берилади, агар:

1) талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;

2) талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;

3) коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қазрдорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

4) вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса;

5) ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлса;

6) фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

7) ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмаганлиги сабабли ушбу тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;

8) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса.


172-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ушбу Кодекснинг 5-бобида белгиланган судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида берилади. Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) ундирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари;

3) қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари;

4) ундирувчининг талаби ва талабга асос бўлган ҳолатлар;

5) ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр;

6) арз қилинган талабни тасдиқловчи, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада ундирувчи ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.

Кўчар мол-мулк талаб қилинган тақдирда, аризада ушбу мол-мулкнинг қиймати кўрсатилиши лозим.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ундирувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан берилаётган аризага унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши керак.


173-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага:

1) давлат божи белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини;

2) ҳуқуқий муносабатни судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни, агар бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

3) талабларга асос бўлган ҳолатларни;

4) арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.


174-модда. Давлат божи

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризадан қонун ҳужжатларида даъво ишини юритиш учун белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ундирилади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтариб берилади.

Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтариб берилмайди. Ундирувчи томонидан қарздорга нисбатан даъво иши юритиш тартибида даъво қўзғатилган тақдирда, тўланган давлат божи тўланиши лозим бўлган божга қўшиб ҳисобланади.


189-модда. Аризанинг мазмуни

Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) даъвогарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари, шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили;

3) жавобгарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари;

4) даъвогарнинг талаби;

5) агар даъво баҳоланиши керак бўлса, даъвонинг баҳоси;

6) даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

7) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

8) аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризада ушбу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи) ҳамда манзили кўрсатилиши керак.

Аризада даъвогарни ёки унинг вакилининг, шунингдек бошқа тарафнинг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Аризада электрон манзили кўрсатилганлиги аризачининг суд чақирув қоғозларини ва бошқа хабарномаларни, суд ҳал қилув қарорларининг ҳамда ажримларининг кўчирма нусхаларини электрон ҳужжат тарзида олишга бўлган розилигидир.


190-модда. Аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари

Ариза жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдордаги кўчирма нусхалари билан бирга судга берилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган ариза мустасно.

Судья ишнинг мураккаблиги ва хусусиятига қараб, аризага илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини жавобгарларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этиш мажбуриятини даъвогарнинг зиммасига юклаши мумкин.


191-модда. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар

Аризага қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

1) арз қилинаётган талабларга асос бўлган ҳолатларни;

2) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

3) давлат божи белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини;

4) аризани имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатни, агар ариза вакил томонидан имзоланган бўлса.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: