АВТОМАШИНАНИ ОЛИБ ҚОЧГАН ШАХС СУД ЗАЛИДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ

09 март 2019

Фарғонада ўзганинг автомашинасини олиб қочиш жиноятини содир этиб, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган шахсга инсонпарварлик тамойили қўлланилди. 

Учкўприк туманилик А. Қосимов эндигина йигирма ёшни қарши олаётган бўлса-да, жиноятга қўл урди. У 2018 йил 22 декабрь куни соат 20:40 ларда транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида Учкўприк тумани, Ёйилма қишлоғида жойлашган автошоҳбекатга келади. “Қўқон-Фарғона” йўналишидаги автомашиналар қатновчи жойда турган сариқ рангли, Ж. Темировга тегишли “Spark” русумли автотранспорт воситасини қаровсиз ҳолатда, эшиклари очиқ ва калити ўзида қолдирганидан фойдаланиб, автомашинани ўт олдириб, олиб қочади.
 
А. Қосимов 2018 йил 23 декабрь куни ўзи томонидан олиб қочилган “Spark” русумли транспорт воситасини Фурқат тумани ҳудудида бошқариб кетаётган вақтида ички ишлар бўлими ходимлари томонидан таъқиб қилинган. Лекин ИИБ ходимларини қонуний талабларига бўйсунмасдан, автомашина тезлигини ошириб, улардан қочган, автомашинани Учкўприк тумани Қўқонбой қишлоғига бошқариб келган вақтида ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушланган ҳамда ундан автомашина ашёвий далил тариқасида олинган.
 
Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг 2019 йил 6 февралдаги ҳукми билан А. Қосимовга 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
 
Мазкур жиноят иши жорий йил 5 март куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг апелляция инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилди. Суднинг ажрими билан А. Қосимовнинг ёшлиги, онаси 3-гуруҳ ногирони эканлиги, муқаддам судланмагани, шунингдек, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Учкўприк туман кенгаши ҳамда “Катта Қоракўл” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган кафиллик хатлари инобатга олинди. 
 
А. Қосимовни тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган хулосага келиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 72-моддаси қўлланиб, тайинланган 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартли деб ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгиланди. У суд залида қамоқдан озод қилинди.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: