АЛДОВ ФИРИБГАРНИНГ ЎЗИНИ ТЕМИР ПАНЖАРА ОРТИГА РАВОНА ҚИЛДИ

Бахтиёр (исм-шарифлар ўзгартирилди) ака эрталаб ишга отланаётганда, хотини ўғлининг ўқишига пул тўлаш зарурлигини эслатди. Аслида, буни ўзи ҳам яхши биларди, бунинг учун ҳўкиз боқаяпти, ахир. Жонивор пичоққа тайёр бўлиб қолган. Қассобга топширса, бас, уч-тўрт кунда нақд пул бўлади.

Бахтиёр ака иш­дан қайта­ё­тиб,­ ўзига таниш қассоб Толибга учрашишни кўнглига тугди.

— Ҳўкизингизни сўйиб, сотаман, — деди эртаси куни уйи­га келган Толиб қассоб ковуш қайтариб турган жониворни кўздан кечираркан. — Сизга ҳар бир килограмм гўшт учун 47 минг сўмдан бераман, розимисиз. Фақат гўшт­ни сотиб тугатгач, пулини оласиз.

Бахтиёр Турсунқуловнинг гувоҳлигида ҳўкиз сўйилиб, гўш­ти тарозига қўйилди: 185 килограмм тош босди. Демак, ке­лишганларига кўра, Толиб қассобдан 8 миллион 695 минг сўм олиши керак эди.

«Олиши керак эди» деганимиз бе­жиз эмас. Чунки шундан сўнг жабрланувчи Б. Тур­сун­қулов пулини сў­раб, қассобнинг дўконига бўзчининг мо­кисидек қатнай бошлайди. Охир-оқибат эса, тоқати тоқ бўл­­гач, Т. Жўрақуловнинг уйига ҳам боради. Аммо бу саъй-ҳаракатларидан бирон-бир натижа чиқмайди. Фақат бир куни у дўконга бориб, Толиб қассобдан 173 минг сўмлик гўшт олади, шундан сўнг 8 миллион 522 минг сўм қарз қолади.

Халқимиз «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади» деб бежизга айтмаган. Бу ҳикмат замирида одам боласи бир адашдими, кейин кўзи очилади, эҳтиёткор бўлади, бошқа бундай хатога йўл қўймайди, деган маъно мужассам. Аммо ҳийлакор ва фирибгар кимса олдида содда, ишонувчан одамлар ҳассасини бир эмас, икки бора ҳам йўқотиши мумкин экан.

Ойбек Толибни тўрт йилдан буён яхши танийди. Толиб маҳаллада яшовчи фуқароларнинг боқилган майда шохли ва йирик шохли молларини сў­йиб сотиб, беш-олти кунда пулини беришини биларди. Яна бир томони қишлоқда ким, қандай юмуш билан шуғулланишини ҳам ҳамма билади. Ойбекнинг ҳам ҳўкиз боқиш билан машғуллигидан кўп­чилик хабардор, агар бу ҳақ­да гап очилса, О. Бегимқуловнинг но­мини албатта тилга олишарди.

О. Бегимқулов 2018 йилда икки бош ҳўкизни гўшт учун боқишга киришганди.

2019 йилнинг декабрь ойига келиб, улар сўйишга тайёр бўлиб қолган кунларнинг бирида Толибнинг ўзи ҳовлига кириб келади.

— Янги йил байрами арафасида гўштга эҳтиёж анча ошади, — дейди у. — Эшитдим, икки бош ҳўкизни семиртираётган экансан, бегона қилма, ўзим сўйиб сотиб, сенга ўн кунда пулини бераман.

Ойбек бош ирғаб, қассобнинг таклифига рози эканлигини билдиради.

Ўша 2019 йилнинг 30 декабрь куни эрта тонгда Т. Жўрақулов қассоб Мавлон Абдужалилов билан Ой­бекнинг ҳовлисига келади ва бир бош ҳўкизни сўяди.

Гўштнинг оғирлиги 188,5 килограмм чиқади. Ҳар бир килограмм гўшт 48 минг сўмдан баҳоланади, умумий пули 9 миллион 24 минг сўмни ташкил қилади.

Толиб гўштни сотиш учун дўконга олиб кетаётганда Ойбекка пулини ўн кунда етказажагини яна айтганди. Лекин ўн кундан бир нечаси ўтиб кетса-да, пулдан дарак бўл­авермайди.

«Қассобга бирон гап бўлдими ёки менинг пулимни ёдидан чиқариб қўйдими?!» — деган хавотирда Ойбек Толибга бориб учрашади. Бу пайтда январь ойи тугаб, февраль ойи бошланганди.

— Менга қара, — дейди Толиб Ойбекка. — Яна битта ҳўкизингни сўйиб олай, иккаласининг пулини бирваракайига бераман.

Соддадил О. Бегимқулов қассобнинг бу таклифига ҳам рози бўлади. Шундай қилиб, Т. Жўрақулов қассоб М. Абдужалиловни 10 февраль куни Ойбекнинг ҳовлисига бошлаб келиб, ҳўкизни сўй­диради. Оғирлиги 243 килограмм чиққан гўштнинг пули 11 миллион 664 минг сўм бўлади. Шу тариқа Т. Жўрақулов жабрланувчи О. Бегимқуловга бериши керак бўлган пулнинг умумий миқдори 20 миллион 712 минг сўмга етганди…

…Ўшанда 2018 йилнинг 25 декабри эди. Нурмурод Жаҳонгиров кечки пайт уйида телевизор томоша қилиб ўтирганди. Бир чоғ узоқ қариндоши Толиб ки­риб келади.

Улар бироз ўтган-кетгандан гаплашишгач, Толибнинг мақсади аён бўл­ди.­

— Бир танишимга пул зарур бўлиб қолди, — дейди у Нурмуродга. — 30 миллион сўм бериб туринг, ўн кунда олиб келиб бераман.

Толиб авваллари ҳам бир неча марта ундан турли миқдорда қарз олиб, келишилган пайтда қайтарганди. Шунинг учун у Толибга ишонарди. Айни пайтда ҳам 30 миллион сўмни бераркан, бу ҳақда тилхат ёздириб олишни умуман хаёлига келтирмайди.

Аммо орадан ўн кундан бир нечаси ўтса-да, Толиб пулни қайтарай демасди.

Ниҳоят, Н. Жаҳонгиров Толибни излаб, унинг уйига боради. Кейин дўконда Толиб билан учрашади. Бироқ Т.Жўрақулов баҳонадан нарига ўтмас, пул беришни орқага суришдан чарчамасди.

Шу алфозда ҳаш-паш дегунча бир йилдан ортиқ вақт ўтди. 2020 йилнинг 1 февраль куни Толиб Н. Жаҳонгировнинг бир бош ҳўкизини сўйиб, тарозига қўй­ди: 287 килограмм тош босди. 48 минг сўмдан келишилгани бўйича гўшт 13 миллион 776 минг сўмга баҳоланди.

Бу сафар Толиб сўзининг устидан қисман чиқди. У Н. Жаҳонгировга гўшт­нинг келишилган пулидан 11 миллион 676 минг сўминигина бериб, 2 миллион 100 минг сўмни қайтармади.

Терговда ва судда ҳаммаси кундай равшан тортди. Судланувчи Т. Жўрақулов фақат юқорида тафсилоти келтирилган уч нафар фуқаронинг эмас, балки яна тўққиз кишининг аввал ишончи­ни қозониб, сўнг фирибгарлик йўли билан уларга те­гишли маблағларни қўл­га киритиб, ўзининг шахсий мақсадларига сарфлаб юборган экан.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, фирибгарнинг фириб қилмиши қандай илдиз отган?

Энди шу ҳақда фикр юритадиган бўлсак, 1980 йилда туғилган, оилали, уч нафар фарзанднинг отаси Т. Жўрақулов 2006 йилда маҳалласида яшовчи қассоб Б. Жониевга шогирд тушган. 2015 йилга қадар у бир­га ишлаган. 2016 йилнинг июнь ойида Толиб Жиззах ша­ҳар Иттифоқ маҳалласи худудида фуқаро Ф. Боймуродовага тегишли савдо дўконини ижарага олиб, гўшт савдоси билан ўзи мустақил шуғул­ла­нишни­ бошлаган. Унга ўзига аввалдан таниш Мавлон Абдужалилов ёрдам берган.

2020 йилнинг февраль ойи ўрталарида Мавлоннинг отаси Б. Абдужалилов дўконни ҳақиқий эгаси Ф. Бойму­ро­довадан сотиб олади. «Энди ўзим ишлайман», — дейди Б. Абдужалилов Толибга. Шундан сўнг Толиб гўшт дўконини тарк этади. Бу ёқда эса, унинг алдови қурбонлари, жабрланувчилар пулларини ололмай ички ишлар идорасига мурожаат қилишади.

Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Т. Жўрақуловнинг «такроран ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлик»­да ифодаланган жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди би­лан тўғри малака­лан­ган деб ҳисоблади.

Судланувчига нисбатан жазо тайинлашда унинг айби­га иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан­ пушаймонлиги, жиноят­ оқибатида етказилган зарарни қисман қоплаганлиги, қарамоғида уч нафар воя­га етмаган фарзанди ва кекса онаси борлиги, оилада ягона боқувчи эканлиги жазони енгиллаштирувчи, суд­ланув­чининг қасддан янги жи­ноят содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳо­латлар деган тўх­тамга келди.

Суд судланувчи Т. Жўрақуловга нисбатан жазо турини белгилашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят­ учун жа­зо тайинлаш амалиёти тўғриси­да»­ги 1-сонли қарори раҳбарий тушунтиришларига амал қилди. Судланувчи Т. Жў­рақулов содир этган жиноят­нинг ижтимоий хавфлилик даражасини, яъ­ни қасддан содир этилган оғир жи­ноят­ эканлиги, унинг муқаддам судланганлиги, етказилган зарарларни тўлиқ қоп­ла­маганлиги, жабрланувчиларнинг унга нисбатан даъвоси борлиги, ўзига нисбатан қўлланилган инсонпарварлик тамойилларидан тегишли хулоса чиқармасдан, ижтимоий фойдали меҳнат би­лан шуғулланмасдан қасддан янги жиноят содир этганлиги ва жамиятдан ажратмаган ҳолда уни ахлоқан тузатишнинг имконияти йўқлигини эътиборга олди.

Бировнинг ҳақи ҳеч қачон ўзгага буюрмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Суд Жиззах шаҳар прокурорининг даъво аризасини қисман қаноатлантирди.

Судланувчи Т. Жўрақулов ҳисобидан жабрланувчи Б. Турсунқулов фойдасига 8 миллион 522 минг сўм, О. Бегимқу­лов фойдасига 20 миллион 712 минг сўм, Н. Жаҳонгиров фойдасига 32 миллион 100 минг сўм, Ғ. Рўзиқулов фойдасига 2 миллион 750 минг сўм, А. Тошназаров фойдасига 15 миллион 700 минг сўм, Б. Абдужалилов фойдасига 12 миллион 800 минг сўм, И. Умрзоқов фойдасига 5 миллион 185 минг 500 сўм, Х. Шер­қўзиев фойдасига 16 миллион сўм, Н. Бердиқулов фойдасига 16 миллион 400 минг сўм, С. Қўйбоқаров фойдасига 2 миллион 445 минг сўм, Ш. Ҳосилов фойдасига 12 миллион 478 минг сўм, Ф. Ҳайдаров фойдасига 2 миллион­ 304 минг сўм моддий зарар суд ҳук­ми билан ундирилиши белгиланди.

Суд судланувчи Т. Жўрақуловни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қис­ми «б» банди билан айбдор деб топиб, ҳукм чиқарди. Унга олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жиноят кодексининг 60, 61-моддаларига асосан, жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман судининг 2018 йил 15 январдаги ҳукми билан та­йинланиб, жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг 2018 йил 5 сентябрдаги ажримига кўра, шартли равишда озод қилинган ўн бир ой беш кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг шартлилиги бекор қилинди. Мазкур жазонинг уч куни озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига тенг­лаш­тирилиб, мазкур ҳукм бўйича тайин­ланган озодликдан маҳрум қилиш жазосига қисман қўшиш йўли билан Т. Жўрақуловга узил-кесил олти йил ик­ки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

«Қаҳрамонимиз» Толиб Жўрақулов ўзининг алдови ортидан ҳеч нарсага эришолмади. Гувоҳи бўл­ганингиздек, унинг қинғир иши ортидан топган бойлиги охир-оқибат сароб бўлиб чиқди. Қисқаси, фирибгарнинг топгани ва кейинги манзили со­вуқ темир панжара орти бўлди.

Илҳом ҚОРАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Янгиобод тумани судининг раиси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: