АЛИМЕНТ “ОТА” БЎЛОЛМАЙДИ

Нодир ва Нозима (исм-шарифлар ўзгартирилган) нинг бахт тўйи кўпчилик ҳавас қилса арзигудек бўлиб ўтди. Ҳа, қуда-андалар ҳам фарзандларининг бахти учун борини тўкиб сочди. Сарпо-суруқдан тортиб тўйхонагача энг қиммат ва дабдабалилари танланди.

aliment.png

Икки ёшнинг тўйдан кейинги ҳаёти ҳам завқли ва ташвишсиз бошланди. Чет элга саёҳат, ўзлари хоҳлаган машина-ю либослар, ҳатто еб-ичадиган таомлари ҳам буюртма қилинар эди. Улар учун ҳаёт умрларининг сўнггига қадар шундай давом этадигандек эди гўё. Завқ ва шавққа тўла ўтган йиллар давомида Нодир ва Нозима уч нафар фарзандли бўлишди. Фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиб қолган Нозима чет элга саёҳатлар у ёқда турсин остона хатлаб кўчага ҳам чиқолмай қолди. Нодир эса “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек ёру дўстлар билан айшу ишратдан бери келай демайди… Нозимага эрининг юриш-туриши ёқмадими ёки ўзининг фарзандлари билан бўлиб уйдан чиқолмай қолгани алам қилдими турмуш ўртоғи билан “мен-сен”га борадиган бўлди. Албатта, Нозиманинг бу ҳаракатлари Нодирга ҳам оғир ботарди. Ҳали ҳаётнинг аччиқ сабоқларини бошдан кечирмаган бу жуфтлик ўртасида ажралиш ҳисси пайдо бўла бошлади. Ва алал-оқибат шундай бўлди ҳам. Ёш оилани сақлаб қолишга уринган қуда-андаларниг ҳам, маҳалла-кўйнинг ҳам ҳаракатлари зое кетди. Нозима вояга етмаган уч нафар фарзандини олиб отасининг уйига борди. Орадан кун эмас, ой эмас йил ўтди. Аммо шу вақт мобайнида маишатга берилган Нодир фарзандларининг тақдирини, келажагини ўйлаш у ёқда турсин уларнинг бугунги аҳволи билан ҳам қизиқмади. Ҳатто, зиммасидаги вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун тўлаши шарт бўлган ¬алиментни ҳам унутди. Собиқ турмуш ўртоғининг фарзандларига нисбатан бундай эътиборсизлигидан куйинган Нозима судга мурожаат қилди. Жорий йилнинг май ойида Юнусобод туман маъмурий суди томонидан юқоридаги мурожаат кўриб чиқилди. Очиқ суд жараёнида қарздор отадан вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 20 300 000 сўмлик алимент қарзи ундирилди. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, алимент пули фарзандлар тақдирида ҳеч қандай муҳим ўринга эга эмас. Аниқроқ айтганда, алимент фарзанд¬лар ҳаётида ота ўрнини боса олмайди. Шундай экан, энг аввало, оилалар ажралишининг олдини олишимиз зарур. Шундагина мурғак гўдакларнинг на ота меҳрига, на она меҳрига эҳтиёж сезишига ҳожат қолмайди.  

Хуршид СОДИҚОВ,
Юнусобод туман маъмурий суди судьяси
(“Инсон ва қонун” газетаси,2019 йил 4 июнь)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: