10 апрель 2019
Андижон вилоятида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2017 йилда 151 нафар шахсга нисбатан 88 та жиноят иши кўрилган бўлса, 2018 йилда 91 нафар шахсга нисбатан 59 та жиноят иши кўриб чиқилган.
Вилоятда безорилик билан боғлиқ жиноий ишлар таҳлил қилинганда, уларнинг қарийб 85 фоизи ёшлар томонидан содир этилгани айнан ёшлар билан кўпроқ ишлаш кераклигини кўрсатади.
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди ташаббуси билан видеоконференц-алоқа шаклида ўтказилган тадбирда жиноят ишлари бўйича Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари судлари судьялари, прокуратура, ички ишлар тизимлари ходимлари, адвокатлар, журналистлар иштирок этди.
– Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Безориликка оид суд ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш, безорилик жиноятини кўриш бўйича суд амалиётини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтариш, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашишдан иборат, – дейди жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди раиси Воҳиджон Назаров. – Қолаверса, ушбу жиноят билан боғлиқ ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар ва мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
ЎзА
Фикр қолдириш