07 май 2019
Аввал хабар берганимиздек, Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьялари 4-5 май кунлари Андижон ва Фарғона вилоятларида сайёр қабул ўтказишди.
Андижон вилоятида ўтказилган сайёр қабулларда жами 97 нафар, Фарғонада эса 152 нафар фуқаро қабул қилинди.
Уларда фуқароларнинг 124 та мурожаатлари қаноатлантирилди, 70 таси юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Жами 28 нафар фуқаронинг шикояти назорат тартибида ўрганиш учун қабул қилинди.
Андижон вилоятида 51 нафар, Фарғона вилоятида 49 нафар аҳлоқ тузатиш иши ҳамда озодликдан чеклаш жазоси тайинланган шахслар муддатидан илгари шартли жазодан озод қилинди.
Шунингдек, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг видеоконференцалоқа режимида очиқ сайёр суд мажлиси Андижон вилоят суди биноси бўлиб, унда судланган Б.Аҳмедов, Р.Мадаминов ва А.Жўрабоевга нисбатан жиноят иши махкумлар ва ҳимоячилари томонидан берилган шикоят асосида назорат тартибида кўриб чиқилиб, етказилган моддий зарар қопланганлиги сабабли Р.Мадаминов ва А.Жўрабоевга суд ҳукми билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгартирилиб, уларга жарима жазоси тайинланди, Б.Аҳмедовга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилиб, улар жазони ижро этиш муассасасидан озод қилиндилар.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Бўз туман суди томонидан ўтказилган очиқ суд мажлисида Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан С.Мамажоновга оид жиноят иши судда мазмунан кўрилиб, жиноят оқибатида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги, унинг муқаддам судланмаганлиги, Ёшлар иттифоқи Андижон вилоят кенгаши томонидан берилган кафиллик хати асосида унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод қилинди.
Андижон ва Фарғона вилоятида ўтказилган сайёр қабулларнинг ўзига хос яна бир жиҳати, ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла фаоллари ҳамда имом хатиблар иштирокида нотинч оилалар билан давра суҳбати ва очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, уларга ажрашиш оқибатлари тушунтирилди, “Фарзанд омонат” номли қисқа метражли фильм намойиш этилди. Бир ажрашган оила ва уларнинг фарзандлари тақдири акс этган видео лавҳа хеч кимни бефарқ қолдирмади, йиғилганлар лавҳани кўзда ёш билан кўрдилар. Натижада ажрашиш арафасида турган жами 39 та оила яраштирилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бу каби ўтказилаётган тадбирлардан кўзланган мақсад аҳоли муаммолари билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқбузарлик ва турли низоларининг олдин олиш, шу билан бирга, оилалар барқарорлиги, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришдан иборатдир.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш