АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ БИРИНЧИ БОСҚИЧ СУДИ ҲУКМИНИ БЕКОР ҚИЛИБ, СУДЛАНУВЧИЛАРНИ ОҚЛАДИ
Маълумки, ички ишлар органлари таянч пунктлари бевосита фуқаролар — жамоатчилик билан ишлайдиган, ҳамюртларимиз кўпроқ мурожаат қиладиган тузилма саналади. Шу маънода айтганда, профилактика инспекторлари ўз хизмат ҳудуди аҳолисининг қувончу ташвишларига шерик бўладиган ходимлардир.
Аммо Риштон туман ИИБ профилактика катта инспектори Аброржон Аъзамов ва профилактика инспектори Азаматбек Турсуновлар туманнинг Жалаер маҳалласида юз берган жанжал туфайли ноҳақ айбловга гирифтор бўлишди. Аниқроғи, жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судининг 2020 йил 14 февралдаги ҳукмига биноан, улар Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, шу кодекснинг 45-моддаси тартибида 1 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига маҳкум этилган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Жалаер маҳалласида қандай жанжал юз бергандики, бир эмас, икки нафар профилактика инспектори айбдор деб топилиб, жазога маҳкум этилди?
Суд ҳукмида қайд этилишича, ушбу маҳаллада яшовчи Аваз Юлдашев 2019 йил 26 август куни қўшниси Гулнора Юлдашеванинг уйига маст ҳолда кириб, хонадон соҳибасини ҳақоратлайди.
Шу боис, қўшни аёл профилактика инспекторлари А. Аъзамов ва А. Турсуновларга мурожаат қилади. Натижада улар ўша хонадонга бориб, воқеа тафсилотларидан воқиф бўлгач, ҳуқуқбузарни «Бешкапа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хизмат уйига олиб кетишади. Сўнгра Авазбекни шу ердаги қурилиши тугалланмаган намунали уй ҳовлисига олиб кириб, бўйин соҳаси орқа томонига уриб йиқитишади. Кейин эса, юзи ва баданининг турли жойларига уриб-тепиб, тан жароҳати етказишади. Бу ҳаракатлари билан улари Ички ишлар вазирининг 2017 йил 12 июндаги «Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги 151-сонли буйруғи билан юклатилган хизмат ваколатлари доирасидан четга чиқишган. Оқибатда иккала ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми асосида уларга тегишли жазо тайинланади.
Шундан сўнг собиқ инспекторлар ўзларининг айбсизлигини тасдиқловчи бир қатор важларни келтириб, апелляция шикояти беришган ҳамда оқлов ажрими чиқаришни сўрашган.
Буни қарангки, апелляция суди мажлисида биринчи босқич суди томонидан суриштирув даврида тўпланган далилларга ишончлилик ва мақбуллик нуқтаи назаридан баҳо берилмагани, А. Аъзамов ва А. Турсуновларнинг айбдорлигига оид шубҳа ҳамда қарама-қаршиликлар бартараф этилмагани, фақатгина уларни айблаш нуқтаи назаридан шошма-шошарлик билан бир ёқлама суд тергови ўтказилгани аён бўлди. Қолаверса, дастлабки суриштирув даврида йиғилган ва биринчи босқич суди томонидан айблов ҳукми чиқаришга асос қилиб олинган далилларнинг асоссизлиги ҳамда мақбул эмаслиги, жиноят ишига Аброржон Аъзамов ва Азаматбек Турсуновларнинг дахли йўқлиги, жиноят иши қўзғатишга асос бўлган маълумотлар ҳаққоний эмаслиги ҳам аниқланди.
Бундан ташқари апелляция судида ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинган жабрланувчи Авазбек Юлдашев ўзини айнан ким урганини билмаслиги, маҳалла посбони «Сизни А. Аъзамов ва А. Турсуновлар урган», деб айтгани учун ўша пайтда шундай мазмунда кўрсатма бергани, бу ҳақда бирон-бир жойга ариза билан мурожаат қилмагани, шунингдек, ҳеч кимга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди.
Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддасида «Айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади.
Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим» дея қайд этилган. Ушбу кодекснинг 464-моддасига мувофиқ эса, жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор бўлмаса, жиноят бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланса, шунингдек, судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд ушбу кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра, судланувчини оқлайди.
Қисқаси, юқорида қайд этилган қонуний асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судининг 2020 йил 14 февралдаги ҳукмини бекор қилиб, Аброржон Аъзамов ва Азаматбек Турсуновни айбсиз деб топиб, оқлади.
Шу ўринда жиноят ишининг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратсак. Гап шундаки, Жиноят процессуал кодексининг 11-моддасида судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек, жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу кодекс ва бошқа қонунларга аниқ риоя этиши ва уларнинг талабини бажариши шартлиги, қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра, юз берганидан қатъи назар, жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланиши ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши, кодекснинг 485-моддасида эса, иш бўйича ушбу кодекснинг 82-84-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар етарлича тўлиқ аниқланмаган бўлса, кўрсатмалари ишни ҳал қилишга таъсир этиши мумкин бўлган шахслар сўроқ қилинмаган, зарур бўлишига қарамай экспертиза ўтказилмаган, худди шунингдек, ҳужжатлар, ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган ёки натижалари иш учун аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган бошқа суд-тергов ҳаракатлари ўтказилмаган бўлса, дастлабки тергов ёхуд суд тергови тўлиқ эмас ёки бир ёқлама ўтказилган деб эътироф этилиши белгиланган. Бинобарин, апелляция инстанцияси томонидан тергов жараёнидаги қонунбузилишлар юзасидан хусусий ажрим ҳам чиқарилиб, муҳокама қилиш учун Фарғона вилоят прокуратурасига юборилди.
Умид қиламизки, ушбу ҳолат бошқаларга ҳам сабоқ бўлади. Зеро, судлар тоонидан муқаддам ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланиши Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарасидир.
Раҳматжон АРАПОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг судьяси
Фикр қолдириш