28 февраль 2019
Пойтахтимизнинг Бектемир туманида Тошкент шаҳар жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари томонидан сайёр учрашув ўтказилди.
Мазкур учрашув ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда туман ҳудудидаги бозорлар, йўл таъминоти, коммунал тўловлар ва доимий рўйхатдан ўтиш тизимида учраб турадиган муаммоли масалалар муҳокама этилди.
– Хонадонимда доимий рўйхатга қўйилган, аммо анча йиллардан буён яшамаслиги туфайли икки кишини рўйҳатдан чиқаришда айрим муаммоларга дуч келгандим, – дейди фуқаро Маҳмуд Қодиров. – Чунки уларнинг бири вафот этган, яна бири Россияга ишлаш мақсадида кетган. Ушбу масалани ҳал этиш бўйича мутасадди идора вакилидан етарли кўрсатмалар олдим.
Учрашувда Бектемир туманида учта йирик бозор бўлганлиги учун ҳар йили 15 минг фуқаро тадбиркорлик қилиш мақсадида вақтинча яшаш учун ҳудудга ташриф буюриши таъкидлаб ўтилди. Ҳудудда содир этилаётган жиноятларнинг атиги 10 фоизи туманда муқим яшаётган фуқаролар томонидан содир этидаётгани, қолгани бу ерга ишлаш ва вақтинча яшаш мақсадида келганлар томонидан содир этилаётгани алоҳида айтиб ўтилди.
Тошкент шаҳар жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари ушбу ҳолатларга алоҳида тўхталиб фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
ЎзА
Фикр қолдириш