“БИЗНЕС ЮРИТИШ” ҲИСОБОТИДАГИ “КОНТРАКТЛАР ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ” ИНДИКАТОРИ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

26 февраль 2019

 “Пойтахт” бизнес марказида Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги “Контрактлар ижросини таъминлаш” индикатори бўйича Ўзбекистондаги ислоҳотларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Савдо-саноат палатаси, Президент ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” лойиҳаси ходимлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
 
Семинарда контрактлар ижросини таъминлашдаги вақт, сарф-харажатлар, суд жараёни сифати (шу жумладан, суд тизими ва мажлиси, ишларнинг кўриб чиқилиши, судларнинг автоматлаштирилиши) каби масалалар суд тизимида қандай ҳал этилганлигига алоҳида эътибор қаратилди ҳамда билдирилган таклиф ва тавсияларни Ўзбекистон шароитида жорий этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
 
2018 йил май ойида эълон қилинган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон “Контрактлар ижросини таъминлаш” индикатори бўйича 67,26 балл кўрсаткичи билан 190 та давлат ичида 41-ўринни эгаллади. Контрактлар ижросини таъминлаш бўйича юқорида қайд этилган учта кўрсаткич (вақт, сарф-харажатлар ҳамда суд жараёнлари сифати)га кўра пешқадам давлатлар жойлашуви ҳамда Ўзбекистон келгуси ислоҳотларда қайси йўналишларга эътибор қаратиши кўрсатилган.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Контрактлар ижросини таъминлаш” соҳасида бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгиланди.
 
Таъкидлаш жоизки, мазкур қарор ижроси доирасида Олий суд томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимиз қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан иқтисодий судларда ишларни юритишга доир статистик маълумотлар, хусусан иқтисодий ишларни кўриш давомийлиги ҳақидаги, шунингдек иқтисодий судларга келиб тушган даъво аризалар ва кўриб ҳал этилган ишлар ҳақидаги статистик маълумотларни Олий суд расмий веб-сайтида жойлаштириб бориш йўлга қўйилди. Фойдаланувчиларга зарур маълумотларни осон топишлари учун қулайлик яратиш мақсадида Олий суд расмий сайти бош саҳифасида “Статистика” рукни жойлаштирилди. 
 
Барча фойдаланувчилар, шу жумладан судьялар ва ишда иштирок этувчи шахслар фойдаланишлари мумкин бўлган электрон тизим яратилиб, Олий суд расмий веб-сайтидаги интерактив хизматлар ёрдамида суд амалиёти умумлашмалари ва шарҳлари, судга тақдим этиладиган мурожаатлар намуналарини олиш, суднинг иш юритувида бўлган барча ишлар бўйича суд мажлислари жадвали (иш кўриладиган сана, масъул судья, иш рақами ва бошқалар акс эттирилган) ҳақидаги маълумотларни автоматик равишда олиш имконига эга бўлишди. 
 
Шунингдек, иқтисодий судларга мурожаатларни электрон тарзда тақдим этиш, мазкур мурожаатлар юзасидан олиб борилган процессуал ҳаракатлар, уларнинг бориши ҳамда натижаларини кузатиб боришни таъминлайдиган E-XSUD ахборот тизими фаолият кўрсатмоқда. Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун даъво аризасини (аризани), шикоятни (протестни), мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни иқтисодий судга электрон ҳужжат тарзида юбориш имконияти яратилди. 
Олий суднинг расмий сайтида “Суд қарорлари тўплами” деб номланган алоҳида интерактив меню жойлаштирилган бўлиб, мазкур интерактив хизмат суд ишларини юритиш электрон тизими билан интеграция қилинган ва ҳозирда исталган фойдаланувчи Олий суд веб-сайтида жойлаштириб борилаётган қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари билан эркин танишиши мумкин.
 
Семинарда сўзга чиққан Олий суд судьяси Б.Сайфуллаев, Олий судининг АКТ ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш  бошқармаси бошлиғи Б.Очилов контрактлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан суд иштирокчилари учун яратилган интерфаол хизматлар ҳамда судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиш ҳақида батафсил маълумот бердилар.
 
 
Олий суд Матбуот хизмати

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: