“БОЙЛИК МУЛККА ЭГАЛИК ҚИЛИШДА ЭМАС, БАЛКИ УНДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШДАДИР”
Жамиятдаги ҳар қандай иқтисодий муносабатлар мавжуд объектив зарурият орқали вужудга келади. Шу билан бирга, иқтисодиётда пайдо бўлган барча янгиланишлар ва ўзгаришлар кимнингдир ғояси ҳамда ташаббуси орқали ҳаётга жорий этилади.
Шу ўринда лизинг қандай зарурият туфайли юзага келган ва у ғояни ким яратгани ҳақида фикр юритмоқчимиз. Лизингнинг иқтисодий мазмуни мулкий муносабатлар билан изоҳланади. Чунки ижара муносабатлари мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш билан боғлиқ жараёнлар замирида шаклланади. Шунинг учун ҳам лизинг муносабатларининг шаклланиши бевосита мулкий муносабатлар ривожланиш босқичлари билан боғлиқ.
Кишилик жамиятининг айрим босқичларида ишлаб чиқариш воситалари айрим жамоалар, кейинчалик алоҳида шахслар қўлида тўпланиб борган, айни пайтда жамият аъзоларининг катта қисми ишлаб чиқариш воситаларидан маҳрум бўлган. Бундай шароитда, бир томондан, мулкдорлар ўз тасарруфидаги барча мол-мулкдан бирданига фойдаланиш имконияти мавжуд бўлмагани сабабли уларнинг маълум қисми ҳаракатсиз туриб қолган. Иккинчи томондан эса ишлаб чиқариш воситаларидан маҳрум бўлган жамият аъзоларининг катта қисми ишсизларга айланган. Бу иқтисодиётга путур етказиб, жамиятда ижтимоий беқарорликни вужудга келтирган. Бундай қарама-қаршиликлар, ўз навбатида, янгича муносабатларнинг шаклланишига олиб келган. Мана шундай қалтис вазиятни ҳал этиш учун ҳаракатсиз қолган ишлаб чиқариш воситаларини ишсизларга вақтинчалик фойдаланишга, яъни ижарага бериш ғояси туғилган.
Тарихий адабиётлардаги маълумотларга кўра, эрамиздан аввалги IV асрда яшаган грек файласуфи Аристотель “Бойлик мулкка эгалик қилишда эмас, балки ундан самарали фойдаланищдадир” деб таъкидлаган.
Олим ушбу фалсафий фикрлари билан нафақат лизинг ғоясини яратган, унинг бу фикрлари лизингнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб берищда асос бўлиб хизмат қилган, десак, муболаға бўлмайди.
Бугунги замонавий лизинг (молиявий ижара) амалиётлари XX асрнинг 50 йилларида АҚШда шаклланиб, ўзининг такомиллашган кўринишига эга бўлган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг мамлакатда саноатнинг гуркираб ривожланиши натижасида катта миқдорда ишлаб чиқарилган технологик ускуналар, денгиз кемалари ва бошқа қимматбаҳо машина-механизмларни пешма-пеш пулга тўхтовсиз сотиш имкониятлари чегаралангани боис, уларни ижарага бериш манфаатли усул экани маълум бўлади.
Акс ҳолда ишлаб чиқарилган товарлар сотилмасдан, иқтисодий бўҳронлар вужудга келиши мумкин эди. Шунинг учун ҳукумат томонидан лизинг муносабатларини paғбатлантириш мақсадида катта имтиёзлар кўзда тутилган махсус дастур қабул қилинди. Лекин лизинг буйича давлат томонидан қанча қулайликлар яратилмасин, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ижара муносабатларига киришишдан нечоғлик манфаатдор бўлишмасин, лизинг авж олиб ривожланиши мумкин эмасди. Чунки уларнинг бошини бирлаштирадиган учинчи воситачи — махсус лизинг компаниялари шаклланиб улгурмаган эди. Бироқ америкаликлар ишбилармонлар ва тадбиркорлар бу заруриятни тушуниб етди ва 1952 йилда Сан-Франциско шаҳрида ишбилармон Генри Шонфельд томонидан асос солинган биринчи лизинг компанияси “United States Leasing Corporation”эди. Ушбу воқеа замонавий лизингнинг ривожланиши йўлида тарихий қадам бўлди. Мазкур компаниянинг муваффақиятли фаолияти натижасида унинг янги очилган ўнлаб шўъба корхоналари дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўз ишини бошлади. Кейинчалик ушбу лизинг компанияси “United States Leasing Intenational” номини эгаллади.
Шундай қилиб, иқтисодиётда мулкдан фойдаланишнинг янги шакли ва такомиллашган махсус тури молиявий ижара — лизинг вужудга келган.
Демак, лизинг амалиётларининг замирида, аввало, ижарага асосланган мулкий муносабатларнинг тадрижий ривожланиш босқичлари ётади.
Дарвоқе, лизинг сўзи инглизча (“leasing”, “lesson” ва “lessee”) сўзларидан олинган бўлиб, ижара, мулк ижараси деган маъноларни англатади.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси ва Фуқаролик кодексининг 588-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган истеъмол қилинмайдиган ҳар қандай ашёлар, шу жумладан, корхоналар, мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ҳамда бошқа кўчар ва кўчмас мулк лизинг объектлари бўлиши мумкин”лиги белгиланган.
Лизинг ва ижара муносабатларининг умумий жиҳатларидан ташқари, кенг асослаб берилган ўзига хос қатор фарқлари ҳам мавжуд:
– ижарадан фарқли ўлароқ, лизинг муносабатлари лизинг берувчи ва лизинг олувчи билан бир қаторда, лизинг мулкининг сотувчисини ҳам ўз ичига олади;
– лизингда мулкни ва ишлаб чиқарувчисини танлаш ҳуқуқи сотиб олувчига берилади. Бунда лизинг берувчи лизинг предмети лизингга бериш мақсадида сотиб олинаётгани ҳақида сотувчини хабардор қилади. Ижарада эса сотувчи мустақил ўринга эга эмас ва деярли иштирок этмайди;
– лизингда лизинг олувчига сотиб олувчига хос бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар берилади ҳамда юклатилади: мулк бевосита сотувчи томонидан лизинг олувчига берилади, лизинг берувчи эса фақатгина мулк қийматини тўлайди. Бу ижара муносабатларига хос эмас;
– ижара ва лизинг шартномаларида таваккалчилик турлича белгиланади.
Ижара шартномасига мувофиқ, ижарага берувчи мулкни ишлатишга тўсиқ бўлаётган барча етишмовчиликлар учун ижарачи олдида жавоб беради.
Лизинг шартномасига кўра эса, лизинг берувчи лизингга берилган мулкдаги етишмовчилик ва камчиликлар учун истеъмолчи олдида жавобгар ҳисобланмайди, чунки лизинг олувчи таъминотчини ўзи мустақил равишда танлайди. Лизинг олувчига етказилган зарар учун жавобгарлик, таъминотчини ёки мулкни танлашда лизинг берувчи иштирок этган тақдирдагина унинг зиммасига юклатилади;
– лизинг берувчи шартнома муддати давомида лизинг битими объектининг эгаси саналади, лизинг олувчи эса мулкка эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ барча мажбуриятларни ўз зиммасига олади (фавқулодда йўқотиш таваккалчилиги, техник хизмат кўрсатиш). Лизинг битимидаги таваккалчиликнинг бундай тақсимланиши асослидир. Чунки лизинг берувчи мулкни лизинг олувчининг манфаатлари ва талабидан келиб чиққан ҳолда сотиб олади. Ижарада барча хатар ижарага берувчида бўлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда лизингнинг аҳволи қай даражада? Давлатимиз томонидан ушбу истиқболли соҳани ривожлантириш бўйича биринчи лизинг операцияси 1993 йилда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан амалга оширилган бўлиб, Ўзбекистан ҳаво йўлларига чет эл компанияларидан лизинг орқали самолётлар харид қилинган.
Бугунги кунда республикамиздаги аксарият лизинг компаниялари томонидан лизинг олувчиларга асосан қишлоқ хўжалиги техникалари, юк ва енгил автомобиллар ҳамда мелиоратив техникалар етказиб берилмоқда. Бироқ қонунда кўрсатилган корхоналар, мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар ва бошқа турдаги ускуналар лизингга етказиб берилмаяпти. Бу эса, ўз навбатида, қонуннинг мазкур талаблари амалиётда умуман ишламаётганлигидан далолат беради.
Лизингнинг амалиётида ҳисоб-китоб тизимини соддалаштириш лозим.
Маълумки, лизинг тўловлари ҳисоб-китобида лизинг объектининг нархидан келиб чиққан ҳолда фоизлар ҳисобланади ва лизинг шартномасининг бутун муддати даврида амалда бўлади. Амалиётда лизинг олувчилар айнан мана шу ҳисоб-китоб тизимидан норози бўлмоқда. Лизинг тўловларини ҳисоб-китоб қилишда ҳам тижорат банкларидаги ҳисоб-китоб тизимини жорий қилиш лозим. Бунда лизинг олувчи томонидан амалга оширилган тўловни дастлаб лизинг фоизи учун ҳисоблаб, қолган қисмини лизинг асосий қисми сўндириш учун ҳисоблаш ҳамда асосий қарзнинг қолдиқ қисмига фоизлар тўлаш тизимини жорий қилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Бу каби камчилик ва муаммолар, таклифларни узоқ давом эттириш мумкин.
Аммо умид қиламизки, мамлакатимиз ҳам бу йўналишда тез орада етакчи давлатлар қаторига киради.
Фазлиддин Ёдгоров,
Тошкент туманлараро
иқтисодий суди судьяси
(“Жамият” газетаси,
2020 йил 12 июнь)
Фикр қолдириш