БОСҚИНЧИЛИК ЖИНОЯТИГА ҚЎЛ ЎРГАН ШАХСГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

18 март 2019

С. Давронов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2018 йилнинг 2 декабрь куни соат 00:10 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда Кармана туман “Каттамачит” МФЙда яшовчи С. Эшонқуловнинг ҳовлисига ғайриқонуний равишда киради.

Ҳовлида турган белкурак ва ошхона пичоғи билан қуролланиб, хона деразасини тош бўлаклари билан синдиради ва уй ичкарисига бостириб киради.
 
Мазкур хонадонда бўлган О. Эминов ҳамда турмуш ўртоғи Д. Эминовага белкурак билан ҳужум қилиб, бош ва тана қисмларига бир неча маротаба уради.
 
Шу тариқа жиноятчи хонадон эгаларидан жами 4 401 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган.
 
2019 йилнинг 14 мартида жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди Кармана туманида содир этилган босқинчилик жинояти юзасидан жиноят ишини кўриб чиқди. 
 
Навоий вилояти СТЭБнинг хулосасига кўра, жиноятчи жабрланувчиларнинг соғлиги бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказиб, қўрқитиб, О. Эминовдан моддий қийматли нарса-буюмлар беришини талаб қилган.
 
С. Давроновнинг айби суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари ҳамда бошқа инкор қилиб бўлмас далиллар билан ўз исботини топди. Судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
 
Суд, жиноятчининг ўз айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ва оиласида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини эътиборга олиб, амалдаги қонун талабларидан келиб чиқиб қарор қабул қилди.
 
Унга кўра суд С. Давроновни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
 
Шунингдек, суд мазкур жиноят содир бўлишининг олдини олишда ички ишлар органлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини масъулларининг эътиборсизлигини танқид остига олиб, жиноятчиликни барвақт олдини олиши борасидаги фаолиятини кучайтириш зарурлиги ҳақида хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирди.
 
 
Хабибулла Чиниев,
жиноят ишлари бўйича
Қизилтепа туман суди раиси

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: