03 апрель 2019
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани Бўз маҳалласида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” шиори остида сайёр учрашув ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан судлар томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар судьяларининг аҳоли билан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” шиори остида сайёр учрашувлари жадвали тасдиқланди.
– Бундай учрашувлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда пойтахтимиздаги ҳар бир маҳаллани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган турли тадбирларни ўз ичига олади, – дейди жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси Фарруҳ Тўрахўжаев. – Ушбу тадбирлар фуқаролар ўртасида лоқайдлик ва бепарволикка йўл қўймаслик, жамиятда тинч ва осойишта яшаш шароитини яратиш мақсадида ўтказилмоқда.
Сайёр учрашувда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан чиқарилган, жиноятчиликка сабаб бўладиган шарт-шароитларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор хусусий ажримлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, судьялар маҳалла вакилларини судлар фаолияти, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан таништирди.
ЎзА
Фикр қолдириш