ГАЗ ИДОРАСИ ХОДИМЛАРИ 331 НАФАР ИСТЕЪМОЛЧИНИ ЧУВ ТУШИРМОҚЧИ БЎЛДИ

20 февраль 2019

“Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Марғилон шаҳар филиалида (ҳозирги Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали Марғилон участкаси) истеъмолчиларнинг табиий газ учун тўлаган пулларини ўзлаштирган ходимларнинг қилмишлари фош бўлди. 

2013-2014 йилларда “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Марғилон шаҳар филиалида мижозлар бўлими ҳудуд назоратчиси, етакчи муҳандис, чилангар вазифаларида ишлаган Б. Туйчибеков филиалда мижозлар бўлими ҳудуд устаси вазифасида ишлаган Н. Каримов, мижозлар бўлими ҳудуд назоратчиси вазифасида ишлаган Х. Абдувалиев ва бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, фойдаланилган табиий газдан қарздорлиги бўлган истъмолчилар (жисмоний шахслар) рўйхатини “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Марғилон шаҳар филиалидаги электрон дастур орқали аниқлаган. Улар истеъмолчилардан нақд пулда тўловларни қабул қилиб олиб, уларга сохта квитанциялар тақдим этиб, қабул қилинган маблағларини дастурга қайд этишади. Гўёки тўлов амалга оширилгани тўғрисидаги маълумотларни киритиб, аслида нақд пул маблағини филиалнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказмай, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган. 
 
Жумладан, улар истеъмолчиларнинг фойдаланилган табиий газдан бўлган қарздорликларини нақд пул шаклида олиб, ҳеч қандай транзакция рақамларсиз, банк тўловларида акс эттирмай “Биллинг газ” дастурида абонент карталарига тўлов амалга оширилгани ҳақидаги сохта маълумотларни шакллантириб, абонент карталарига аслида тўланмаган пул маблағларини киритилишига эришган. “Биллинг газ” дастуридаги “Мунис”, “Электрон” тўлов тизими орқали сохта ёзувлар киритиб, 2016-2018 йилларда жами 336 та ҳолатда 331 нафар истеъмолчиларнинг табиий газдан бўлган 159 миллион 225 минг сўм нақд пул маблағларини талон–тарож қилган. Ўтказилган тафтиш чоғида уларнинг қилмишлари аниқланди. 
 
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Айбдорлар томонидан жиноят орқасида етказилган моддий зарар ўрни тўлиқ қопланганлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олиниб, уларга тегишли жазо тайинланди. 
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: