02 май 2019
Мамлакатимизнинг амалдаги қонунлари инсонпарварлик тамойилига асослангани билан эътирофга молик. Айниқса, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларининг асосий вазифаси бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан бирга, айбланувчини қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат.
Бинобарин, жиноят содир этган шахсга жазо тайинлашда ҳамиша жазони имкон қадар енгилроғи билан алмаштириш нуқтаи назаридан ёндошилади. Одатда, махсус қисм санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинлаш, шартли ҳукм қилиб, синов муддати белгилаш, қилмиш ижтимоий хавфлилик даражасини йўқотганлиги ёки шахснинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги туфайли жазодан озод қилиш каби қоидалар қўлланилади.
Жиноят-процессуал кодексининг 533-моддаси 1-қисмига биноан судья озодликдан маҳрум этилган шахсга нисбатан ҳукм ижросини маҳкум жазони ўташига монелик қиладиган даражада оғир касал бўлиб қолганида, у соғайгунча, ҳукмни ижро этиш пайтигача маҳкума ҳомиладор бўлиб қолса, бир йилдан ошиқ бўлмаган муддатга кечиктириши мумкин.
Мабодо маҳкуманинг ёш боласи бўлса, у уч ёшга тўлгунга қадар, жазони дарҳол ўташни бошлаш ёнғин ёки бошқа бирор табиий офат юз берганлиги, оиланинг меҳнатга яроқли ягона аъзоси оғир касал бўлиб қолганлиги, вафот этганлиги оқибатида ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар маҳкум ёки унинг оиласини жуда мушкул аҳволга солиб қўйиши мумкин бўлса, ҳукм ижроси судья томонидан уч ойдан ошмаган муддатга кечиктирилиши мумкинлиги ҳам қо-нунчилигимизда кўзда тутилган.
Бу меъёрларнинг амалиётга татбиқ этилишига ҳаётий бир мисол: Уйчи туманида яшовчи, муқаддам 4 маротаба фақат фирибгарлик жиноятини содир этгани учун суднинг қора курсисига ўтирган ҳамда сўнгги жазоси Жиноят-процессуал кодексининг юқорида қайд этилган моддасига мувофиқ кечиктирилган Сурайё Одилова (исм-шарифлар ўзгартирилган) қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмади.
Бунинг ўрнига у айнан ҳукм ижроси кечиктирилган даврда яна жиноятга қўл урди. Жиноят иши ҳужжатларидан маълум бўлишича, дастлаб жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судининг 2013 йил 15 январдаги ажримига асосан С.Одиловага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан юритилган жиноят иши амнистия актига кўра, тугатилган.
Бундай бағрикенгликнинг қадрига етмаган Сурайё жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2014 йил 2 декабрдаги ҳукмига мувофиқ Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига тортилган. Лекин барибир кўзи очилмай, ахлоқ тузатиш иши жазосини ўташ мобайнида учинчи марта фирибгарлик кўчасига қадам босган.
Оқибатда С.Одиловага жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг 2016 йил 17 майдаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари билан 1 йилу 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Маҳкума ушбу кодекснинг 72-моддаси тартибида шартли ҳукм қилиниб, унга нисбатан 2 йил синов муддати белгиланган.
Буни қарангки, «қаҳрамон»имиз синов даврида ҳам эски «ҳунари»ни ташламаган. Пировардида С.Одилова жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судининг 2017 йил 3 мартдаги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топилган.
Жиноят кодексининг 60-моддаси тартибида юқоридаги шартли ҳукм бекор қилинган ҳолда, С.Одилова узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилган. Сурайё 2017 йил 16 февраль куни фарзанди Дурбек Жавоҳиров туғилгани боис унинг жазоси ўғли уч ёшга тўлгунига қадар — 2020 йил 16 февраль кунигача кечиктирилган. Лекин….
Сўнгги суд ҳукмидан 9 ой ўтиб, яъни 2017 йил декабрида С.Одиловани яна фириб хумори тутиб қолади. Гап шундаки, у суд мажлисига қадар тергов ҳибсхонасида ўтирган вақтида Муҳаррам Валижонова билан танишган. Тергов ҳибсхонасидан чиқиб келаётганида эса, Муҳаррам унга опаси Муҳаббатнинг телефон рақамини бериб, иссиқ кийимларини келтириб беришни тайинлашни илтимос қилган.
Шу боис Сурайё омонат гапни етказиш асносида Муҳаббат билан ҳам танишади. Бинобарин, фирибгар ҳеч иккиланмай, уни ҳам нишонга олди.
— Қамоқхонада бир кун ўтиришни айтинг. Шунинг учун Тошкентдаги таниш адвокатим билан гаплашиб, синглингизни чиқаришга ёрдам бераман. У киши жуда тажрибали, мана, мени ҳам олиб чиқди.
У шундай дея устамонлик билан Муҳаббат Валижонованинг ишончига киради. Шу сабабли М.Валижонова «ҳожатбарор»нинг қўлига 300 АҚШ доллари ва 300 минг сўм пул тутқазади.
Натижада С.Одилова олган пулининг озгина қисмини адвокат Р.Қозоқбоевга бериб, қолганини шахсий манфаати йўлида ишлатиб юборади. Муҳаббатнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун эса, жазони ижро этиш муассасасидан Муҳаррамга нисбатан тавсифнома олишга ҳам эришади.
— Мана, Муҳаррамнинг қамоқдан чиқиши учун керак бўлган ҳамма ҳужжатларни ўзим йиғаяпман, — дейди у Муҳаббатга тавсифномани кўрсатиб. — Яна айрим ҳужжатлар зарур.
— Мен ҳужжат ишларини унчалик тушунмайман. Яхшиси, синглимнинг қайнотасига учраша қолинг, — дейди М.Валижонова.
Шундан сўнг Сурайё Муҳаррамнинг қайнотаси Раҳмонберди Сафаровга қўнғироқ қилади. Бунга ҳам қаноатланмай, Р.Сафаровнинг яшаш манзили — Чуст туманининг Каркидон қишлоғига боради.
У келинини озодликка чиқариб беришини айтиб, ёши бир жойга бориб қолган Раҳмонберди акани шундай аврайдики, оқибатда қайнота бўлмиш вафот этган ўғлининг фарзандларини, яъни ота меҳридан мосуво бўлган 3 нафар набирасини онасининг ўзи тарбия қилишини хоҳлаб, С.Одилованинг таклифига рози бўлади. Сурайё ундан 1.300.000 сўм пул ва 500 долларни нақд ҳолда, пластик карточкасидан эса, 7.100.000 сўмни ечиб олади.
Аммо у ваъдасини бажармай, Муҳаббатни ҳам, Раҳмонберди акани ҳам 6-7 ойгача лақиллатиб юраверади. Кейинчалик эса, телефонини буткул ўчириб қўяди. Шу боис Р.Сафаров бир-икки марта уни қидириб, Уйчи туманига ҳам бориб келади. Аммо фойдаси бўлмайди.
Охир-оқибат улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этишди. Пировардида, С.Одиловага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б»-банди билан бешинчи маротаба жиноят иши қўзғатилди.
Мазкур жиноят ишини кўриб чиққан суд айбдорнинг жиноятни ғаразли ва паст ниятда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топиб, у томонидан етказилган зарар қопланмагани, жиноятнинг жазоси ижроси кечиктирилган даврда содир этгани сабабли уни озодликдан маҳрум қилмасдан туриб, қайта тарбиялаш мумкин эмас, деган қатъий хулосага келди.
Суд, С.Одиловани Жиноят кодексининг 60, 61-моддалари тартибида унинг ўталмаган жазосини ҳам қисман қўшиб, узил-кесил 6 йилу 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.
Шунингдек, суд ҳукмида С.Одиловадан жабрланувчи Р.Сафаровга 12.549.600 сўм моддий ва 2.000.000 сўм маънавий зарар, жабрланувчи М.Валижоновага 2.789.760 сўм моддий зарар ундириш ҳам белгиланди.
Албатта, Сурайё Одилова белгиланган муддатда қонуний жазосини ўтаб чиқади. Бироқ, унинг тилга олинган жиноятларни содир этишида 5 нафар вояга етмаган фарзандининг келажагини, айниқса, ўзининг жонига аро кирган кенжатойи Дурбекнинг тақдирини ўйламагани ачинарлидир.
Илёсжон УСМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Поп тумани суди раиси
Фикр қолдириш