ЖАЛАҚУДУҚ ТУМАН СУДИ САЙЁР СУДЛАР ЎТКАЗМОҚДА

27 февраль 2019

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Жалақудуқ туман суди томонидан маҳалла, муассаса ҳамда ташкилотларда ўтказилаётган сайёр судлар жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнамоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тумандаги “Шархончеки” маҳалла фуқаролар йиғини, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими, 20-сон болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўтказилган сайёр судлар фикримизга ёрқин мисолдир.
 
Мажбурий ижро бюроси туман бўлими биносида жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди раиси Н. Парпиев раислигида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Мажбурий ижро бюроси Жалақудуқ тумани бўлими электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш шўъбаси давлат инспектори вазифасида ишлаган Илҳомжон Юлдашевнинг жиноий иши кўриб чиқилди.
 
И. Юлдашев масъулиятли вазифада ишлагани ҳолда ўзи томонидан назорат қилинаётган ҳудудда яшовчи фуқаро Фарҳод Абдураҳмонов хонадонининг электр ҳисоблагич рақамларини кўрмасдан, атайлаб электрон базага нотўғри маълумотларни СМС шаклида тушириб, мижозни электр энергияси тўлови бўйича 436 минг 527 сўм нореал қарздорлигини вужудга келтирган ва ушбу қарздорликни тўлаш хақида унга талабнома берган.
 
Фуқаро Ф. Абдураҳмоновга 200 минг сўм эвазига ана шу қарздорликни электрон баъзадан йўқотиб беришини айтган. Бироқ Ф. Абдураҳмонов МИБ туман бўлимига бориб суриштирганида аслида қарздор эмаслиги маълум бўлган.
 
Суд томонидан ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилиб, алдаш орқали ўзганинг маблағини ноқонуний йўл билан ўзлаштириб олишга урингани учун МИБ ходими И. Юлдашев айбдор деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли бандларига кўра жазоси тайинланди.
 
Сайёр суд мажлисида ҳуқуқшунослар фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, турли иллатларга барҳам бериш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича суҳбатлар ўтказди.
 
Ўтказилган ана шу каби тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: