26 апрель 2019
Ҳаётда ўйламай босилган қадам фақат ташвиш келтириши, оқибати ҳамиша аянчли якун топиши бор гап. Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермас экан. Дейлик, айрим шахслар муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган бўлса-да, қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқармагани туфайли такроран жиноятга қўл уради.
Қувасой шаҳрида яшовчи, 2017 йилда судланиб, кўзи очилмаган Дилрабо Йўлчиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эса ўз айбини хаспўшлаш учун иккинчи жиноятни содир этди.
Гап шундаки, Дилрабо 2011 йилдан буён Қозоғистон Республикасида ёлланма ишчи сифатида ишлаб келаётганди. Бундан уч-тўрт йил аввал у Қозоғистонда Авазбек исмли йигит билан танишиб қолади. Албатта, вақт ўтиши билан уларнинг муносабати жиддийлашгандек бўлади ва икки ёш шаръий никоҳ асосида турмуш қуриб, яшай бошлайди.
Кўп ўтмай фарзанд кутаётган Д. Йўлчиева ой-куни яқинлашгач, ўз уйига қайтиб келади. 2017 йилнинг 27 июнь куни кўзи ёриб, чақалоққа Саидбек деб исм қўяди. Бироқ фарзанд кўрганини қариндош-уруғларидан яширади.
Кейинчалик Дилрабода боласини сотиб юбориш нияти пайдо бўлади.
Шунинг учун бу ҳақда ўзи ишонган бир-икки таниш-билишларигагина айтади.
— Ўғлимни бирор фарзандсиз кишига сотмоқчиман ёки уйга алмаштирмоқчиман. Кейин яна туғиб олавераман. Сиз нима дейсиз? — дейди у эски таниши Фазилат Мавлоновага ҳам маслаҳат, ҳам ёрдам сўраб.
— Бунақа танишларим йўқ. Аммо суриштириб кўриб, жавобини айтаман, — дейди Фазилат.
Орадан бир неча кун ўтиб, у Дилрабога қўнғироқ қилади.
— Гулнора опа деган аёлнинг қизи бору ўғли йўқ экан. Болангни ўша сотиб олмоқчи. Розимисан?
Кўпдан буён харидор кутаётган она эса ўйлаб ҳам ўтирмай, рози бўлади. Шу боис Д. Йўлчиева, Ф. Мавлонова ва Гулнора Ёрқинова Қувасой шаҳри марказида учрашишади.
— Бу киши сенга айтган Гулнора опам бўлади, — дея уларни таништиради Фазилат.
— Кичкинтойни қанчага сотмоқчисиз? — деб сўрайди Г. Ёрқинова.
— Нархини эрта-индин айтаман.
Эртаси куни эса Дилрабо харидорга қўнғироқ қилиб, 13 000 АҚШ долларига уй олаётгани, ана шу пулни берса, Саидбекни сотишини билдиради. Бу пайтда Д. Йўлчиеванинг хатти-ҳаракати ноқонуний эканини билган Г. Ёрқинова бу хусусда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилган эди. Пировардида, 2017 йил 12 сентябрь куни Дилрабо Йўлчиева Қувасой шаҳридаги “Цементчи” ўйингоҳи олдида 3 ойлик жигарбандини Гулнора Ёрқиновага бериб, 13 000 АҚШ долларини онаси Омина Йўлчиева орқали олаётган вақтда Ўзбекистон Республикаси МХХ (ҳозирги ДХХ) ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қувасой шаҳар бўлими ва шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ушланган. Оқибатда унга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилади.
С. Йўлчиев эса Фарғона шаҳридаги 1-сонли болалар уйига топширилган.
Албатта, айни қилмиши учун Д. Йўлчиева жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судининг 2017 йил 22 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилади ва кодекснинг 72-моддаси асосида унга 3 йил синов муддати белгиланади. Шунингдек, суд ҳукмида Дилрабога васийлик ва ҳомийлик органи орқали фарзандини қайтариб олиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Шундан кейин Д. Йўлчиева 2018 йил февраль ойида фарзанди С. Йўлчиевни қайтариб олиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига мурожаат қилган. Лекин суднинг 2018 йил 12 март кунги ҳал қилув қарорига асосан унинг даъвоси рад этилган. Шунга қарамай, боласини қайтариб олиш режаси Дилрабога тинчлик бермайди. Оқибатда у суднинг юқоридаги қарорини сохталаштиради. Яъни қарор матнига боласини қайтариб олиш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилганлиги тўғрисида ёзув киритиб, мазкур қалбаки қарор нусхасини 2018 йил 12 сентябрь куни Қувасой шаҳар халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳомийлик органи мутахассиси А. Маҳкамовга тақдим қилади.
А. Маҳкамов Д. Йўлчиевадан ўша қарор нусхасини олиб, танишиб чиққанидан сўнг унинг кўнглида шубҳа уйғонади. Негаки, мутахассис муқаддам Дилрабонинг даъво аризаси рад қилинганидан хабардор эди. Шу боис унда шубҳа туғилиб, бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди судьяси Жаҳонгир Худойбердиевга мурожаат қилади. Судья эса қалбаки қарор нусхасини прокуратура органларига тақдим қилади. Натижада Д. Йўлчиевага нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
Шу билан бирга, Фарғона шаҳар 1-сонли болалар уйининг даъво аризасига кўра, суднинг 2018 йил 6 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан Дилрабо Йўлчиева ўз фарзанди Саидбек Йўлчиевга нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Энг муҳими, Д. Йўлчиева жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судининг 2019 йил 21 февраль кунги ҳукмига биноан қонуний жазога маҳкум этилди.
Фарзанд инсон учун берилган энг бебаҳо неъматдир. Ана шундай бахтга етишолмай, ўғилми-қизми — фарзанд беришини Яратгандан тилаб юрганлар озми? “Қаҳрамон”имизнинг ношукрлиги эса ўзига қимматга тушди.
Энг ачинарлиси, у тўққиз ой вужудида кўтариб юриб, ўлим ва ҳаёт орасида турган ҳолда дунёга келтирган фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Она учун бундан ортиқ жазо бўлмаса керак.
Сарварбек ЮЛДАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Қувасой шаҳар суди раиси,
Хуршид Султонов,
журналист
(“Adolat” газетаси,
2019 йил 26 апрель)
Фикр қолдириш