01 февраль 2019
Жиноят қилиш осон, аммо унинг аччиқ жазосини татиб кўриш ниҳоятда оғир. Қилмишидан пушаймонлик, тўғри хулоса чиқариш соғлом ҳаёт сари йўл дегани. Аксинча бўлса-чи?
А. Ҳ., Р. Т. ва А. С. аввал судланиб, жазо олганидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига яна ўзгалар мулкига кўз олайтириб, жиноятга қўл урди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судида мазкур жиноят юзасидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.
А. Ҳ., Р. Т. ва А. С. қинғир ниятларини амалга ошириш мақсадида ўзаро жиноий тил бириктириб Олмазор тумани, Каттабоғ кўчаси, 54-уйнинг ҳовлисига томорқа девори орқали ошиб киради. Хонадон эгаси Шерзод Турдиев ва Рисола Парпиева ухлаб ётганидан фойдаланиб, уларга тан жароҳати етказади. Оёқ-қўллари ва оғзини боғлайди. Хонадон эгаларига тегишли бўлган 9 минг 525 АҚШ доллари, 4 миллион 401 минг сўмлик тўрт дона аёллар тилла узуги, 70 минг сўмлик 2 дона аёллар ҳамёни ва 2 миллион 500 минг сўм пул, жами 81 миллион 104 минг 551 сўмлик мулкни босқинчилик йўли билан қўлга киритади.
Бундан ташқари, А. Ҳ. қонунга хилоф равишда 2,80 грамм марихуана гиёҳвандлик моддасини сақлаганликда айбланмоқда. Тезкор ходимлар ушбу гиёҳвандлик моддасини ашёвий далил сифатида олган. Суд мажлиси давомида судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди. Ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жазо тайинланди.
ЎзА
Фикр қолдириш