ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛАРНИНГ 2019 ЙИЛНИНГ I ЧОРАГИ ДАВОМИДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ

09 апрель 2019

Одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида жиноят ишлари бўйича судлар самарали фаолият юритмоқда.

2019 йилнинг биринчи чорагида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 9 946 нафар шахсга нисбатан 7 750 та иш кўриб чиқилди. Мазкур кўрсаткичлар 2018 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 31,5 фоизга, ишлар бўйича эса 29,9 фоизга камайган. 
 
Жумладан, 147 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 7 649 нафарни ташкил этиб, шундан 1 954 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 5 309 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 386 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
 
Шунингдек, 708 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 6 218 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 1 928 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди, 1 814 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди. 
 
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, безорилик, транспорт воситасини олиб қочиш, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.
 
Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 1 804 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
 
Етказилган 115,4 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 953 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
 
3 544 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 45,7 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. 
 
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 297 нафар шахсга нисбатан 242 та иш кўриб чиқилди. 169 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ва 83 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
 
 
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: