28 март 2019
Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг Пленум залида Олий суд, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси қошидаги ҳуқуқий журналистика Кенгаши ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун очиқ мулоқот ўтказилди.
“Судлар фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва роли” мавзусида видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мазкур тадбирда нафақат марказдаги, балки барча ҳудудий теле ва радиоканаллар, босма ва электрон нашрларнинг журналистлари иштирок этди.
Очиқ мулоқотни Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси Козимджан Камилов бошқарди.
Олий суд раиси ўз сўзида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар судларнинг мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини оширишда дастуриламал бўлаётганиини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари, шунингдек, суд органларининг муҳим вазифаларидан бири сифатида фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликнинг самарали механизмларини кенг қўллаш белгилаб берилди.
Қолаверса, Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантириш дастурининг 6-бандида “Суд органлари билан республика журналистлари ўртасида изчил ҳамкорликни ўрнатиш, уларнинг суд мажлисларидаги иштирокини таъминлаш, очиқ суд материалларини ёритишда мамлакат ОАВдан фойдаланишни назарда тутувчи чора-тадбирлар” белгиланди.
Тадбирда сўзга чиққан Олий суд судлов ҳайъати раислари ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтишди.
– Суд-ҳуқуқ соҳасида 30 йилдан ортиқ ижод қилиб келаётган қаламкаш сифатида шуни айтишим мумкинки, айрим ҳолларда журналистларимиз танқидий чиқишларида бир томонлама фикр юритиш ҳоллари учрайди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов. – Шунинг учун журналистларимиз сўз масъулиятини чуқур ҳис қилган ҳолда мавзуни ҳар томонлама ўрганган ҳолда мақола ёзишса мақсадга мувофиқ бўлади. Бугунги очиқ мулоқот бу борада сезилаётган кемтикликларни тўлдиришда фойдали мулоқот деб ҳисоблайман. Бу каби мулоқотларни вақти-вақти билан ўтказиб туриш зарур.
Тадбирда суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, мавжуд мауммолар ва уни бартараф этиш йўллари ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама этилди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш