26 март 2019
Ёши элликдан ошган одам телеэкранда тазарру қилди: “Қани, мен ҳам бир чекиб кўрай, деб гиёҳвандликка ўрганиб қолдим. Қамоқда ўтириб, барини тушуниб етдим. Гиёҳвандлик ҳаёт кушандаси экан. Бу дардни ҳеч кимга раво кўрмайман… Озодликка чиқсам, ҳалол меҳнат қиламан, сира чекмайман, мени кечиринглар”, деди.
Албатта, кўрсатувдан мақсад ёшларга гиёҳвандлик умр заволи эканини англатиш, соғлом турмуш кечиришга чорлов. Аммо унинг кўз ёшларига ишонса бўлармикан?..
Лекин, бари бир жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди судьяси Ғафур Амонов кўрган иш олдида юқоридаги ҳолат ҳолва экан…
Тунги соат 21:30 ларда Тошкент вилояти Зангиота туманида туғилган Жасур Ўринов (исми шарифлар ўзгартирилди) “Матиз” русумли машинасида ўртоғи Мавлон Асадовнинг уйига борди.
– Ўртоқ, юр, машинада Ўрта Чирчиққа бориб келамиз. Муҳим иш бор, – деди.
Мавлон Асадов ҳам бекорчиликдан безиб ўтирган чоғи, дарров кўна қолди. Ҳатто “муҳим иш”нинг нималигини сўрамади ҳам. Улар Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига йўл олишди. Йўлда кета-кета:
– Ўзи нимага бораяпмиз? – сўради Мавлон.
–“Зўр иш”, хурсанд бўласан! – дея мамнун жилмайди Жасур.
Машина салонида замонавий тарона янгради. Жасурнинг, тўйга бораётган отарчилардек, кайфи чоғ эди. Ўзича қўшиққа жўр бўлиб, хиргойи қила бошлади…
Машина Ўрта Чирчиқ туманига кириб борарди. Шунда:
– Марказга кирмаймиз, катта йўлнинг ёқасида тўхтаймиз, сен атрофни кузатиб турасан, мен бирпасда… – деди Жасур.
– Бу нима деганинг? Қоп-қоронғида, кимсасиз жойда нима қиламиз?
– Ҳовлиқма, ҳозир машинани тўхтатай. Сенга “зўр иш”, дедим-ку!..
Жасур олд ўриндиқ тагидан целлофан пакет олди, ва катта йўл четидаги бийдай дала томон юрди. Мавлон унинг ортидан анграйиб қаради…
Орадан бир мунча фурсат ўтиб, Жасур ҳурпайган учта пакетни кўтариб келди. Аввалига Мавлон нималигини билмади.
– Ўртоқ, ўриндиқларнинг тагига жойлаштирвор, биттасини юкхонага қўямиз, – деди Жасур. Мавлон шундагина “зўр иш” шубҳали эканини сезди…
Улар Сергели туманидаги ”Қипчоқ” маҳалласига кириб келганида, Йўл патрул хизмати ходимлари тўхтатишди. Машина салони ва юкхонаси текширилганда, учта пакетда “марихуана” гиёҳванд ўсимлигининг кўм-кўк барглари борлиги аниқланди…
Суд ўтган йилнинг 14 декабрида кўрган 1-808/18-сонли жиноят иши ажримида келтирилишича, гиёҳванд ўсимлик барглари 1 418,15 грамм экан.
Беихтиёр ўйлаб қоласан, наҳотки Ўрта Чирчиқ туманида “марихуана” етиштирадиган пайкал бўлса?! Ахир тунда қўриқланмайдиган даладан узилган янги барглар шунга гувоҳлик беради…
Масаланинг бошқа томони ҳам бор, кенг далада кўкарган “марихуана” ўсимлигига қаров бўлгандир, таги юмшатилиб, сув қуйилгандир, қуриб қолмабди, барглари шапалоқдек етилибди. Қизиқ, бундай пайкаллар юртимизнинг бошқа туманларида мавжуд эмасмикан?..
Гарчи Жасур суд залида “ўз эҳтиёжи учун” териб олганлигини айтган бўлса-да, ”заҳри қотил” обдан ишлов берилиб, “қора бозор”га чиқарилганида нима бўларди?
Судда айбдорлар жазосини олишди.
Юсуф Худойқул,
журналист
ЎзА
Фикр қолдириш