ИККИ ҚЎЛДАН ЧИҚҚАН «ҚАРС»…
Ўзбекистон Республикаси суд тизимида сайёр суд мажлислари ташкил қилина бошлаганлиги айни муддао бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Судланувчининг яшаш ҳудудида ўтказилган сайёр суд жараёни айбланувчининг турмуш тарзи, қандай инсонлиги ҳақида тўла маълумот тўплашда, ҳақиқатни аниқлашда, шаффофликка эришишда ва жазо тайинлашда адолат тамойилларига амал қилишда катта имконият яратмоқда.
Шундай суд ишларидан бири ҳақида тўхталсак. Жорий йилнинг 27 октябрида жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман сайёр суд мажлиси “Тасмачи” МФЙ биносида ўтказилди. Шу қишлоқ фуқароси Сирожиддин Сафаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 105-моддасининг 1-қисми билан айбланган.
Ўрта махсус маълумотга эга, 34 ёшли судланувчи С. Сафаров шу туманда туғилиб ўсган, оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси. Ота-боболаримиз баъзиларни ҳали ёш, қони қайноқ-да ҳали, деса, Сирожиддиннинг ёшидагиларни ҳаётнинг пасту баландини кўриб, оқ-қорани таниган, дея таърифлашади. Аммо шундай одам қўшниси, қишлоқдоши билан муомала қилиб, орадаги муаммони яхшилик билан ҳал қилиш тадбирини кўриш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади.
С. Сафаров 2020 йил 30 июль куни соат 07:40 ларда “Тасмачи” қишлоғидаги дашт ерда жойлашган узумзорига бориб, у ерда ишлаб юрган акаси Жасур Сафаров билан учрашади. Бу ерга келишининг сабаби ака-укалар Шухрат ва Шариф Раҳимовлар уларнинг укаси Қудратни белкурак билан уриб, унга тан жароҳати етказганликларини, Қудратнинг соғлиғи ёмон аҳволда эканлигини, уйида ётганлигини, уни бу аҳволга солганликлари учун қўшни боғ эгалари билан гаплашиб олмоқчи эканлигини айтади. Бу воқеани эшитган Жасурнинг ҳам жаҳли чиқади. Бу муштумзўрликнинг ҳисобини сўраш учун кетаётган укасининг улар билан уришиб кетишидан ҳадиксираб, у ҳам укасининг орқасидан юради.
Айби борнинг оёғи қалтирайди деганларидек, қорамолларга қараб юрган Шуҳрат ака-ука Сафаровларнинг ўзлари томонга келаётганликларини кўриши билан укаси Шарифга кечаги қилмишлари учун кечирим сўрашлари лозимлигини уқтириш ўрнига чўнтагидаги телефонини бериб, қўшнилари жанжал кўтаришса, телефонига тасвирга олишини тайинлайди. Ўзи эса қўлидаги сут челагини узум буталарининг орасига қўйиб, “меҳмон”ларнинг қаршисига чиқади ва… кутилганидай жанжал бошланади… Жасур уларни ҳарчанд ажратишга ҳаракат қилса ҳам эплолмайди.
Акасининг дўппосланаётганини кўрган Шуҳрат эса уларни ажратиш ўрнига бемалол тасвирга олиш ишларини давом эттиради. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Наҳотки аканинг соғлиғидан кўра кўра унинг калтакланганини исботлаш учун тасвирга тушириш шунчалар муҳим бўлса? Бу қандай инсонийликка тўғри келади? Ота-боболаримиз “Бир таёқ бахт, бир таёқ бадбахт”, деб бекорга айтишмаган. Агар шу муштлашувда акасига бирон нима бўлсаю тасвирга асосланиб, жиноятчи жазосини олганидан кимга наф? Тасвирчи ука бир умр виждон азобида қолмасмиди?
Сирожиддин ва Жасур Сафаровлар Шуҳратни уриб, тепиб хумордан чиққач, Шарифнинг тасвирга олаётганини кўриб, у томонга юришади.
Шариф қочади, улар қувлашади, аммо етишолмайди. Улар кетгач, қайтиб келиб, акасининг аҳволи ёмонлигини кўради ва уни туман тиббиёт бирлашмасига олиб боради.
“Тасмачи” МФЙда ўтказилган сайёр суд мажлисида жабрланувчи Шуҳрат Раҳимов судланувчи унинг бўйнининг орқа томони ва бел қисмига тепганини, унга даъвоси борлигини, кечирмаслигини, етказилган моддий ва маънавий зарар масаласида фуқаролик судига мурожаат қилишини, қонундаги энг оғир жазо тайинлашни сўраб кўрсатма беради.
Халқимизда қарс икки қўлдан чиқади деган нақл бор. Бу айни ҳақиқат. Бир кун олдин ака-ука Раҳимовлар Қиличбек Сафаровни белкурак билан уриб, жароҳат етказмасдан муомалаю мадора қилганларида, Сафаровлар ҳам муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излаганларида бу ҳолга тушмаган бўлар эдилар. Қишлоқдошлари олдида икки оила вакилларининг ҳам юзлари шувит бўлмас эди.
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судланувчи С. Сафаровга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда унинг айбига иқрор ва пушаймонлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, муқаддам судланмаганлигини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55-моддасига асосан жазосини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 56-моддасига асосан жазони оғирлаштирувчи ҳолат йуқ деб ҳисоблади. Судланувчи Сирожиддин Сафаровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 105-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддасининг 1-қисми билан 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланган. Жиноят қилган фуқаро борки, жазо олиши муқаррар. Судья қонун ҳужжатлари асосида ҳукм чиқаради. Аммо кишини бошқа нарса мулоҳазага чорлайди. Қишлоқда биров-бировга бегона эмас. Одамларнинг дил ришталари қариндошлик, қўшничилик, қишлоқдошлик туйғулари билан бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган. Қўшни тандирида нон ёпилган куни икки ёнидаги қўшниси дастурхонида ҳам иссиқ нон бўлади. Ширин таом пиширса, албатта, қўшнига илинишади. Ана шундай қадриятларга эга халқ фарзандлари арзирли сабабсиз бир-бирини белкурак билан урса, ёқалашса, тан жароҳати етказса ва уларни ажратиб, бир-биридан узр сўраш ўрнига ўз акасини калтаклашаётганини бемалол тасвирга олиб турса… бу қайси мантиққа тўғри келади?! У тан жароҳати етказган йигит ички ишлар ва суд органларига шикоят қилмасаю ҳисоб сўраб келган акага жазонинг энг оғир тури берилишини сўрашса…
Бир куни қорлар ёғади, излар босилади. Аммо жаҳлга эрк бераверсак, халқимизнинг кечиримлилик, меҳр-оқибатлилик борасидаги қадриятларига путур етиши бор гап. Қишлоқнинг келбатли, бақувват эркаклари ўзаро муштлашувдан номус қилиш ўрнига бу ишини элга достон қилиб, суддан жазо талаб қилиб юриши йигит деган шарафли номга муносибмикан?..
Зайниддин ҲАМДАМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Хатирчи туман суди судья ёрдамчиси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири
(“Adolat” газетаси,
2020 йил 13 ноябрь)
Фикр қолдириш