КЎЧМАС МУЛККА ОИД ЯНГИ ҚОНУН
Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлисида «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқуллангани муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ меъёрлар Фуқаролик кодексида назарда тутилган.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш механизмлари ҳукуматнинг қарори, келиб чиқадиган низолар эса, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган Низом асосида тартибга солинади.
Юқорида қайд этилганлардан кўриниб турибдики, бир турдаги муносабатларнинг турли хил меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниши ва ягона тизим яратилмагани соҳани тартибга солишда ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Шу сабабли фуқаролар ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашни даврнинг ўзи тақазо этмоқда.
Шу маънода «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонун юқорида қайд этилган ҳолатларни бартараф этишга қаратилгани билан эътиборга молик. Шу билан бирга, янги қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасидаги тарқоқликни ҳамда ўзаро номувофиқликни бартараф этишга қаратилган яхлит қонун ҳисобланади.
Шу ўринда янги қонуннинг бу борадаги хусусиятларига тўхталиш ўринлидир.
Биринчидан, ушбу қонун кўчмас мулкнинг қуйидаги турларига яъни:
– ер участкалари;
– биноларга, иншоотлар, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган объектлар;
– кўп йиллик дов-дарахтлар;
– мулкий мажмуа сифатидаги корхонага бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.
Иккинчидан, давлат томонидан рўйхатдан ўтказиладиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва чекловлар, кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш кетма-кетлиги белгилаб берилмоқда.
Учинчидан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда давлат органлари, яъни Вазирлар Маҳкамаси, Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг асосий ваколатлари аниқ кўрсатилмоқда.
Тўртинчидан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда воситачиларнинг ўрни ҳамда улар кўрсатадиган хизматлар, шунингдек, воситачиларнинг рўйхати белгиланмоқда.
Хусусан, воситачилар сифатида:
– давлат хизматлари марказлари;
– нотариал идоралар, нотариуслар;
– риэлторлик ташкилотлари;
– тижорат банклари;
– Давлат активларини бошқариш агентлиги қайд этилмоқда.
Бешинчидан, кўчмас мулкнинг кадастр йиғма жилдини шакллантириш, кадастр йиғма жилдига ва кадастр паспортига ўзгартишлар киритиш, шунингдек, кадастр йиғма жилдини тугатиш ва архивлаштириш учун ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда.
Олтинчидан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда рўйхатдан ўтказувчидан ташқари бош рўйхатдан ўтказувчиларнинг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Еттинчидан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш асослари, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатлар, шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиши асослари аниқ кўрсатилмоқда.
Янги қонуннинг қабул қилиниши натижасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат томонидан кафолатланиши, мулкдорлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши, шунингдек, кўчмас мулк билан боғлиқ низоларнинг судгача ҳал этилиши, хусусий мулкка бўлган қизиқишнинг ортиши, қолаверса, инвестициялар жалб қилинишига ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига эришилади.
Янги қонун давлатимиз раҳбарининг ер ҳисобини юритиш ва кадастр фаолиятини ривожлантиришга оид муҳим ҳужжатлари ижросини таъминлашга ҳам қаратилган.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган.
Бугунги кунгача кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни бир неча босқичда амалга ошириб келинган.
Ҳар бир босқични таҳлил этиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиётини ўрганиш соҳада бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди.
Булар асосан давлат рўйхатидан ўтказишнинг аниқ жараёни ва муддатлари белгиланмагани, кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда кўчмас мулк ҳақидаги ахборотларни тегишли органларга тақдим этиш тартибларининг мавжуд эмаслиги, кўчмас мулклар ягона давлат реестрининг йўқлиги, энг асосийси, бино-иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги ягона қонуннинг қабул қилинмагани билан изоҳланади.
Эндиликда бу масалалар қонунан тартибга солинмоқда. Яъни янги қонунда соҳага оид тушунчалар, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш, маълумотлар тақдим этиш тартиби, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш, низоларни судгача ҳал этиш, жавобгарлик ва кафолатлар назарда тутилмоқда.
Бу кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ҳимояланишига, айниқса, давлат томонидан кафолатланишига хизмат қилиб, иқтисодиётимизга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Янги қонун кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ меъёрларни ўзаро мувофиқлаштириш имконини бериб, атамалар, тушунчаларнинг бирхиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Хорижий давлатлар тажрибасини кузатадиган бўлсак, Буюк Британия, Норвегия ва бошқа давлатларда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳаси алоҳида қонун билан тартибга солинганини кўриш мумкин.
Шундай қилиб, ушбу янги қонуннинг қабул қилиниши натижасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишида давлат кафолати, мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимояланиш механизмлари самараси янада ортади, кўчмас мулк бозори ривожланади.
Илҳом Қурбонов,
Олий Мажлис
Сенати аъзоси
Фикр қолдириш