08 апрель 2019
Фарғонада маъмурий судлар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида маст ҳолда автомобиль бошқарган 181 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Уларнинг орасида аёлларнинг борлиги, ачинарлидир.
Тошлоқ туман маъмурий суди томонидан Марғилон шаҳрида яшовчи О. Мамажоновага нисбатан тўпланган маъмурий иш материаллари кўриб чиқилди.
Иш ҳолатига кўра, О. Мамажонова 2019 йил 22 март куни тунги соат 24.45 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст бўлгани ҳолда “Нексия 3” русумли автомашинани Фарғона шаҳар Ал Фарғоний кўчаси ҳудудида бошқарган пайтда йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан ушланган. Вилоят наркология диспансерининг алкоголь истеъмол қилинганлиги ва мастлик ҳолати тиббий гувоҳлантириш баёнига кўра, унда алкоголдан мастлик ҳолати аниқланган.
Суд О. Мамажоновани Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131-моддасини 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, ушбу модда билан 2 (икки) йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
– Аёллар томонидан турли хилдаги ҳуқуқбузарлик ёки жиноятларнинг содир этилаётганига бефарқ бўлмаслигимиз керак, – дейди Тошлоқ тумани маъмурий суди раиси Аброрхон Акрамов. – Судларни вазифаси фақат жазо тайинлаш ёки содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва уларга тайинланаётган жазоларни ошкор қилиш орқали айрим шахсларни изза қилиш эмас, албатта. Мақсад – ҳуқуқбузарликларни келгусида содир этилишини олдини олиш ва профилактика қилишдан иборатдир.
ЎзА
Фикр қолдириш