Чирчиқ аэродромида ана шу шиор остида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьялари иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар барча жабҳаларни қамраб олмоқда. Жумладан, бу ҳарбий қисмлардаги шахсий таркиб, офицерлар ва ҳарбий хизматчиларда тартиб-интизомни таъминлаш, шунингдек, адолат, ўзаро ишонч, бурчга садоқат, масъулият ҳамда ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашда ҳам акс этмоқда.
Айниқса, барча жойларда бўлгани каби ҳарбий қисмларда ҳам ўтказилаётган сайёр қабуллар ҳарбий хизматчиларнинг ўз фикрлари, мулоҳазаларини баён қилишда ва туғилган саволларига жавоб олишда муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, Чирчиқ аэродромида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш профилактикаси муносабати билан “Менинг ҳарбий қисмим – жиноятдан холи ҳудуд” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьялари, офицерлари ва сержантлари иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Унда судьялар У. Шокиров “Жиноятчиликка қарши кураш”, А. Жонқобилов эса “Коррупциянинг олдини олиш” мавзуларида маъруза қилди.
Шунингдек, малака ҳайъати котиби М. Муродов ҳарбий хизматчиларга кундалик ишларида керак бўладиган расмий ҳужжатлар, хат-хабар ва ёзишмалар билан боғлиқ масалаларга масъулият билан ёндашиш ҳамда унга тааллуқли жавобгарликни тўлиқ тушунтириб ўтди.
Шу куни само қўриқчилари бўлмиш учувчилар билан ҳам сайёр қабул ташкил этилди.
ЎзА
Фикр қолдириш