МЕҲНАТ НИЗОЛАРИ
Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ механизмлар меҳнат қонунчилигида ҳам ўз аксини топган.
Шунингдек, амалдаги қонунларимизга кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра, меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди. Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа ҳужжатларда белгиланади. Меҳнатга ҳақ, қоида тариқасида, пул шаклида тўланади. Меҳнат ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларнинг, шунингдек давлат корхоналарининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларининг энг кам даражаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Табиий-иқлим ва турмуш шароитлари ноқулай бўлган жойларда меҳнат ҳақига коэффициентлар ва устамалар белгиланади.
Коэффициентлар ва устамалар жорий қилинадиган жойларнинг рўйхати, шунингдек уларни қўлланиш тартиби ва миқдори Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.
Маълумки, ҳуқуқий механизмлар орасида меҳнат ҳақи миқдорини белгилаш, меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ муносабатлар алоҳида ўрин эгаллайди.
Бироқ, ҳаётда иш берувчи ёки ходимнинг меҳнат қонунчилигига тўлиқ амал қилмаслиги, иш берувчи ҳамда ходимларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри тушуниб етмаслиги натижасида ходимга бажарган иши учун ўз вақтида иш ҳақи тўланмаслик ҳолати учраб туради.
Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан 2020 йилнинг биринчи чораги давомида иш ҳақи ундириш билан боғлиқ жами 8 та фуқаролик иши кўриб чиқилган.
Масалан, даъвогар Д. Шарипова (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда у турмуш ўртоғи «GREEN GROUP UCHQUDUQ» МЧЖ томонидан 2018 йил 9 ноябрдаги буйруқ билан ишчи вазифасига ишга қабул қилинганлигини, у ушбу МЧЖда 2019 йил февраль ойигача ишлаган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар корхона томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинмаганлигини, уни шу вақтга қадар ишлаган даври учун умуман ойлик иш ҳақи тўланмаганлигини, суддан жавобгар «BIZNES-IMPERIYA 2017» МЧЖдан ўзининг фойдасига қолиб кетган жами 8 253 440 сўм иш ҳақи ҳамда 1 000 000 сўм маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.
Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар «GREEN GROUP UCHQUDUQ» МЧЖга 2018 йил 9 ноябрдаги буйруққа асосан ишчи вазифасига ишга қабул қилинган бўлиб, «GREEN GROUP UCHQUDUQ» МЧЖ раҳбарининг Учқудуқ туман ИИБ бошлиғи номига берган тушунтиришида 2018 йил ноябрь ойидан 2019 йил февраль ойига қадар бўлган даврда суюқ обой ишлаб чиқариш цехида А. исмли фуқаро, унинг турмуш ўртоғи ҳамда Р. ишлаганлиги, ишлаб чиқариш жараёнида мунтазам маошини олиб келганлигини, 2018 йил ноябрь ойидан 2019 йил февраль ойигача бўлган муддатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Хоразм, Қашқадарё вилоятларига сотганлигини, маҳсулотлар талабга жавоб бермаганлиги сабабли мижозлар маҳсулотни қайта ишлаб бериш учун қайтариб юборганлигини ва бунинг натижасида МЧЖ моддий зарар кўрганлигини, мурожаат қилган фуқароларни иш ҳақи қарздорлигини маълум бир муддат ичида келишилган ҳолда тўлаб беришини баён қилган.
Учқудуқ туман давлат хизматлари марказининг 2020 йил 18 февралдаги 1/3-04/2-сонли хатига кўра, «GREEN GROUP UCHQUDUQ» МЧЖнинг 2019 йил 22 майдаги мурожатига асосан, МЧЖ номи «BIZNES-IMPERIYA 2017» МЧЖга ўзгартирилган.
Юқоридаги ҳолатларга кўра, «BIZNES-IMPERIYA 2017» МЧЖ томонидан ходимга меҳнат ҳақининг миқдори белгиланмаган ҳамда ходим ишлаган даври учун ҳисоб-китоб қилинмаган.
Меҳнат кодекси 82-моддасининг олтинчи қисмига кўра, ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.
Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра, меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди.
Тарафлар ўртасида меҳнат ҳақининг миқдори ҳақида келишув мавжуд эмаслиги сабабли, суд меҳнат ҳақи миқдорини ҳисоблаш ва жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарздорлигини аниқлаш мақсадида, Учқудуқ туман молия бўлими, Учқудуқ туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда Учқудуқ туман давлат солиқ инспекциясидан мутахассис иштирокида ўрганиш ўтказишни сўраган.
Учқудуқ туман молия бўлими ва Учқудуқ туман давлат солиқ инспекциясининг биргаликда ўтказган ўрганиш маълумотномасига кўра, «BIZNES-IMPERIYA 2017» МЧЖ томонидан Д. Шариповага меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 разряд билан иш ҳақи тўланганида, жами бўлиб 1 998 616 сўм иш ҳақи ҳисобланган бўлиши, шунда даромад солиғи жами ойлар учун 201 842 сўмни ташкил қилиши маълум қилинган.
Суд юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогар даъво аризасида 8 253 440 сўм иш ҳақи ундиришни сўраган бўлса-да, мутахассисларнинг ўрганиш хулосасини инобатга олиб, жавобгар Д. Шариповадан ишлаган даври учун иш ҳақидан 1 998 616 сўм қарздорлиги мавжудлиги ҳақида хулосага келади.
Меҳнат кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги белгиланган.
Суд юқорида кўрсатилган қонун талабларидан келиб чиқиб, аниқланган иш ҳолатларига қонуний баҳо бериб, даъвогар Д. Шарипова фойдасига жавобгар «BIZNES-IMPERIYA 2017» МЧЖдан 1 998 616 сўм иш ҳақи қарздорлигини ундиришни ҳамда даъвогарга етказилган маънавий зарарни баҳолаб, 500 000 сўм маънавий зарар ундиришни лозим топади.
Яна бир мисол, ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида, фуқаро Ҳ. Салимова ҳам (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2019 йил 4 сентябрь куни Учқудуқ туманида жойлашган «Порлоқ-Юлдузчалар» нодавлат мактабгача таълим ташкилотига ёрдамчи тарбиячи вазифасига ишга қабул қилинганлигини, 2019 йил 13 декабрь кунига қадар ишлаган даврида бирор маротаба иш ҳақи олмаганлиги, шунга кўра, суддан жавобгар – «Порлоқ-Юлдузчалар» нодавлат мактабгача таълим ташкилотидан ўзининг фойдасига ҳисобланмай қолиб кетган иш ҳақи қарздорлигини ва етказилган маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.
Дастлабки суд мажлисида «Порлоқ-Юлдузчалар» нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг раҳбари даъво ариза талабларини қисман тан олиб, даъвогарни 1 ставка миқдорда ёрдамчи тарбиячи вазифасига ишга қабул қилганлигини, бироқ молиявий қийинчиликлар туфайли унга иш ҳақини ўз вақтида тўлаб бера олмаганлигини, тез кунда даъвогарнинг иш ҳақини тўлаб беришини билдирган.
Дастлабки суд мажлисида мутахассис сифатида қатнашган Учқудуқ туман молия бўлими бош иқтисодчиси суднинг сўровига асосан «Порлоқ-Юлдузчалар» нодавлат мактабгача таълим ташкилотида даъвогарнинг иш ҳақи қарздорлиги бўйича ўрганиш ўтказганлигини, ўрганиш давомида ташкилот томонидан меҳнат қонунчилиги талабларига зид равишда даъвогарга аниқ ойлик иш ҳақи ҳисобланмаганлигини, бироқ даъвогар ҳақиқатан ишлаганлигини, ташкилотнинг даъвогардан иш ҳақи бўйича қарздорлиги тўғрисида асослантирилган хулосани тақдим этиши бўйича кўрсатма берган.
Шунингдек, мутахассис сифатида қатнашган Учқудуқ туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспектори тушунтириш бериб, ташкилотнинг даъвогардан иш ҳақи бўйича қарздорлиги тўғрисида асослантирилган хулосани тақдим этиши бўйича кўрсатма берган.
Суд тарафларнинг тушунтиришини, мутахассисларнинг кўрсатмаларини тинглаб, даъво қуйидаги асосларга кўра қаноатлантирилиши лозим деб ҳисоблайди.
Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар Ҳ. Салимова «Порлоқ-Юлдузчалар» нодавлат мактабгача таълим ташкилотига 2019 йил 4 сентябрдаги меҳнат шартномаси ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруққа асосан ёрдамчи тарбиячи вазифасига ишга қабул қилиниб, 2019 йил 13 декабрь кунига қадар шу вазифада ишлаган.
Бироқ, тарафлар ўртасида меҳнат шартномаси тузилган бўлса-да, «Порлоқ-Юлдузчалар» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти томонидан ходимга меҳнат ҳақининг миқдори белгиланмаган ҳамда ходим ишлаган даври учун ҳисоб-китоб қилинмаган.
Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра, меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди.
Тарафлар ўртасида меҳнат ҳақининг миқдори ҳақида келишув мавжуд эмаслиги сабабли, суд меҳнат ҳақи миқдорини ҳисоблаш ва жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарздорлигини аниқлаш мақсадида Учқудуқ туман молия бўлими, Учқудуқ туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлимларига мутахассис иштирокида ўрганиш ўтказишни лозим топган.
Учқудуқ туман молия бўлими, Учқудуқ туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда Учқудуқ туман мактабгача таълим бўлимларининг биргаликда ўтказган ўрганиш маълумотномасига кўра, «Порлоқ-Юлдузчалар» нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг даъвогардан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисобга олган ҳолда 3 519 848 сўм иш ҳақи қарздорлиги мавжудлиги аниқланган.
Меҳнат кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий холатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги белгиланган.
Суд юқорида кўрсатилган қонун талабларидан келиб чиқиб, аниқланган иш ҳолатларига қонуний баҳо бериб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириб, жавобгар – «Порлоқ-Юлдузчалар» нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ва даъвогар ўртасида тузилган меҳнат шартномаси мавжудлигини, унинг ташкилотда амалда ишлаган даври учун мутахассислар томонидан ўтказилган ўрганиш хулосасини ҳамда ушбу хулосага кўра, ташкилотнинг даъвогар Ҳ. Салимовадан амалда ишлаган даври учун иш ҳақидан 3 519 848 сўм қарздорлиги мавжудлигини инобатга олиб, жавобгардан даъвогар фойдасига солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни чегириб қолган ҳолда 3 519 848 сўм иш ҳақи қарздорлигини ундиришни ва маънавий зарар етказилганлигини акс эттирувчи ҳақиқий ҳолатларни ҳамда эътиборга молик бошқа ҳолатларни инобатга олиб, 500 000 сўм маънавий зарар ундиришни лозим топади.
Шунингдек, ишни кўриш жараёнида аниқланган меҳнат қонунчилигини бузилиш ҳолати юзасидан тегишли чора кўриш учун Учқудуқ туман прокуратурасига ҳамда Навоий вилоят мактабгача таълим бошқармасига хусусий ажрим чиқариб юборилди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, албатта, бироқ ходимларнинг бу каби ҳолатларда ўз ҳуқуқларининг бузилишида иш берувчи ёки ходимнинг меҳнат қонунчилигига тўлиқ амал қилмаслиги ёхуд баъзан кишиларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри тушуниб етмаслигини кўрсатиш мумкин. Бунинг олдини олиш учун меҳнат қонунчилиги кенг омма ўртасида кўпроқ тарғиб этилиши лозим. Айниқса, меҳнат қонунчилигини корхона ва муассасаларда ходимлар билан ишлайдиганлар мукаммал билишлари лозим.
Руслан ДЖЎРАЕВ,
Учқудуқ туман иқтисодийсуди судья ёрдамчиси
Фикр қолдириш