МЕҲРИБОНЛИК ВА МУРУВВАТ УЙЛАРИДА ИНСОНПАРВАРЛИК НАМУНАСИ
Муборак Рамазон ҳайити маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олижаноб қадриятларни қарор тотиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу қутлуғ кунларда беморларни зиёрат қилиш, кексалар холидан хабар олиш, ўтганлар ҳаққига дуо қилиб, муҳтожлар, якка-ёлғизларга байрам туҳфалари тайёрлаб уларга хурсандчилик улашиш шариатимиз кўрсатмаларидандир.
Ана шундай фарахбаш кунларда фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди судьялари муқаддас анъана ва қадриятларимизга таянган ҳолда Муборак Рамазон ҳайити муносабати билан Бухоро шахридаги 32-меҳрибонлик уйи ва Бухоро мурувват ногиронлар учун аёллар интернат уйида хайрия тадбири ўтказишди.
32-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига байрам туҳфаларини улашгач, судьялар болажонлар билан мароқли суҳбат қуришди. Ватанимиз эртаси, келажагимиз эгалари сифатида уларни келгусида илмли ва шижоатли, ўз тақдирини юрт тақдирига дахлдор деб ҳис этишга ундашди. Уларнинг манфаатлари қонунларимиз билан ҳимояланганлигини мисоллар орқали тушунтиришди.
Сўнгра Бухоро мурувват ногиронлар учун аёллар интернат уйида бўлишди.
–Бугун бизни Рамазон ҳайити билан табриклаш учун совға-саломлар кўтариб келган ўғилларимни кўриб тўғриси, хурсанд бўлдик. Бу эшикка термулган кўзларимиз бугун қувончдан ёшланди. Улар бизга ёлғиз эмаслигимизни эслатишди. Юртимиз тинч бўлсин, дунё тургунча туринг болаларим, – дея қўлларини дуога очди Санобар Ботирова.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят судлари судьяларининг муқаддас кунларда ушбу масканларга қилган ташрифи халқимизнинг меҳр-оқибат ва инсонпарварлик туйғулари акс этган бир кўриниши бўлди, десак янглишмаган бўламиз.
Наргиза Қувончева,
журналист
Фикр қолдириш