11 апрель 2019
Фарғонада Мажбурий ижро бюросининг Тошлоқ тумани бўлими давлат ижрочисига тан жароҳати етказган шахсга суд томонидан жазо тайинланди.
Эркин Қорабоев алиментдан анча қарз бўлса-да, уни тўлашдан бўйин товлаб, бозорда нон сотиш билан шуғулланиб юраверган. Мажбурий ижро бюроси Тошлоқ туман бўлими давлат ижрочиси Р. Обидов фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг буйруғига асосан қарздор Э. Қорабоевдан ундирувчи Г. Мирзаматова фойдасига икки нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатига асосан мажбурий ижро ҳаракатларини бажариш учун Тошлоқ тумани марказидаги “Деҳқон бозори”даги у нон сотаётган жойига борган. Шу пайтда тоғаси билан нон сотаётган жияни Санжарбек Кимсанов МИБ ходими фаолиятига фаол қаршилик кўрсатади. Суд ҳужжати талаби бажарилишини қийинлаштиришга ҳамда уни ўз вақтида ва сўзсиз бажариш мумкин бўлмайдиган ҳолатга келтириб, Р. Обидовнинг бурнига боши билан қаттиқ зарба бериб, унга тан жароҳати етказган.
МИБ Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасида давлат ижрочиси ўз фаолиятини қонуний амалга оширганлиги ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаганлиги кўрсатилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судининг “Сўкчилик” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида Санжарбек Кимсановнинг жиноят иши маҳалла фаоллари иштирокида кўриб чиқилди.
У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 232-моддасини 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, бир йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Судланувчидан жабрланувчига етказилган моддий зарар ундириши белгиланди.
Сайёр суд мажлисида содир этилган жиноий қилмишнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди.
ЎзА
Фикр қолдириш