Бир пайтлар (1958 йили) собиқ Қўқон район Ленин с/с М.Горький колхоз правлениясининг 1958 йил 12 мартдаги 2-сонли қарори асосида Ўзбекистон тумани, “Авғонбоғ” қишлоғи ҳудудидан Ҳошимжон Раҳимовга якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,12 га ер майдони ажратилган.
Ҳошимжон Раҳимов турмуш ўртоғи билан биргаликда ушбу жойда
1958-1976 йиллар оралиғида иморатлар қурган, бир сўз билан айтганда, ҳовлини обод қилган.
Ҳошимжон ота ва Хафиза аялар ҳаётлари давомида 8 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказишган.
1995 йилга келиб Ўзбекистон туман ҳокимининг қарори билан уй-жойга нисбатан Ҳафиза Раҳимова ва Акрам Раҳимов (кенжа ўғил)нинг эгалик ҳуқуқи белгиланган.
Ҳошимжон Раҳимовнинг (1989 йилда вафот этган) вафотидан кейин бошқа меросхўрларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлиги сабабли Б.Раҳимов ва бошқа фарзандлари томонидан судга туман ҳокими қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво киритган.
Қўқон туманлараро судининг 2016 йил 29 июндаги ҳал қилув қарорига кўра, Б.Раҳимов ва бошқаларнинг даъвоси қаноатлантирилиб, Ўзбекистон туман ҳокимининг 1995 йил 5 августдаги 339/8-сонли “Фуқароларни ўзлари яшаб турган уйларга эгалик ҳуқуқини бериш ҳақида”ги қарорининг Ўзбекистон тумани, “Авғонбоғ” кўчаси, 53-уйга Ҳафиза Раҳимова ва Акрам Раҳимовнинг эгалик ҳуқуқини белгилашга оид қисми ҳақиқий эмас деб топилган. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 6 сентябрдаги ажрими билан қарор ўзгаришсиз қолдирилган.
Суд ҳужжатидан норози бўлган жавобгар Ю.Раҳимова (қизи) назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилиб, унда низоли уйда ота-онаси билан яшаб келганлигини, ака-укалари бошқа уй солиб кўчиб кетганлигини, онаси 1995 йилда ўзининг номига эгалик ҳуқуқи белгиланганлигини билганини, қолган меросхўрларнинг ҳам хабари бўлганлигини ва эътироз билдирмаганлигини, уй-жойнинг онасига тегишли бўлган қисми 2000 йилда унга ҳадя қилинганлигини, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш учун даъво муддати ўтиб кетганлиги сабабли суд даъво муддатини қўллаши лозимлигини, уйнинг тўловларини у тўлаб келаётганлиги ҳам суд томонидан бу инобатга олинмаганлигини баён қилган.
Судлов ҳайъати томонидан низони келишув йўли билан ҳал этиш таклиф этилгач, иш бўйича тарафлар томонидан келишув битими тузилиб, тасдиқлаш учун тақдим қилинди.
Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари бекор қилиниб, тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланди. Унинг шартларига кўра, даъвогарлар Баходир Раҳимов, Хуснида Нормирзаева, Муяссархон Акбаева, Мухтасархон Исаева ва Хуршид ва Дильшод Раҳимовлар ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талабларидан воз кечдилар.
1387,00 кв.м. ер майдонида жойлашган Қўқон шаҳар, “Авғонбоғ” кўчаси, 53-уй ўзаро келишув асосида тақсимланиб, уйнинг ½ қисми Юлдузхон Раҳимовага, бир қисми Баҳодиржон Раҳимовга, яна бир қисми Акрамжон Раҳимовнинг эгалигига ўтди.
Баҳодиржон Раҳимов унга қолган қисмида дарвоза ўрнатишни ўз зиммасига олди.
Тарафлар келгусида ушбу мулкдаги улушларига нисбатан даъво қилмаслиги, ушбу келишув битими шартларига риоя қилиш ва ундаги мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд томонидан суд ажрими мажбурий ижрога қаратилиши кўрсатиб ўтилди.
Судлов ҳайъати, тарафларга ФПК 124-126-моддаларида назарда тутилган оқибатларни тушунтириб, даъвогар Баҳодир Раҳимов ва бошқаларнинг ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси бўйича юритилган фуқаролик иши юзасидан иш юритувини тугатди.
Гулнора Мирзаева
Олий суд судьяси
Фикр қолдириш