НОБАКОРЛАР ҚИСМАТИ
Суднинг қора курсисида она ва унинг қизи исноддан бошларини кўтаролмай ўтиришибди. Бу икки нобакор инсонийликка хос бўлмаган мудҳиш жиноят — одам савдосига қўл уришган. Хўш, аслида бу қилмиш қандай рўй берди? Уларнинг мақсад-муддаоси нима эди?
…Ўшанда 2016 йилнинг ёз ойлари эди. Шоҳиста (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўрта мактабни битириб, олий таълим муассасасида ўқиш мақсадида ҳужжатларини топширганди. Шу боис у тенгқўр қизлар билан Самарқанд шаҳрида ижарага уй излаб юрганда, Зоҳида Калонхоновани учратиб қолади. У бу аёлнинг уйида бор-йўғи бир кун яшайди. Чунки бу хонадонда муҳит соғлом эмас, аллақандай бегона эркакларнинг қадами узилмасди. Шу сабабли Шоҳиста эртаси куниёқ уйдан чиқиб кетади.
Орадан бир неча йил ўтгач, аниқроғи, ўтган йилнинг март ойи бошларида Шоҳиста Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғонида жойлашган банк муассасасига борганида тасодифан Зоҳида Калонхонова ва унинг қизи Шамсияни учратиб қолади. З. Калонхонова суҳбат орасида ёнида турган қизи Шамсиядан нолийди. Ҳали оила қурмасдан ҳомиладор бўлиб қолгани, 2018 йилда ўғил фарзанд кўрганини айтаркан, болани боқишга қийналаётгани, қизининг фарзандига қарашга вақти йўқ эканидан ёзғиради, яхши бир оила чиқса, набирасини бериш нияти борлигини билдиради.
Шоҳиста уларнинг гап-сўзларини эшитиб туриб, бирдан кайфияти тушиб кетади. Инсон ўз фарзандини худди буюм каби қандай ўзгага бериб юбориши мумкин?… Ахир, фарзанд юрак қўридан яралмаганми?
Орадан бир ойча вақт ўтса-да, Шоҳиста бу гап-сўзларни эсидан чиқаролмайди. Шу боис у Зоҳида билан Шамсия фарзандини сотиш ниятидан қайтган-қайтмаганини билиш мақсадида уларнинг уйига боради.
— Биз битта гапирамиз, — дейди Зоҳида. — Агар 1 минг АҚШ доллари берсанг, Шамсия сенга яна битта бола туғиб беради.
Зоҳиданинг безбетларча бу гапни айтишига Шоҳистанинг ўғилчаси бўла туриб, ёлғондакам фарзанд кўрмаётганини айтгани сабаб бўлганди. Шунда Шоҳиста уч ёшли ¤ткирбек учун қанча сўрашларини сўрайди.
— Ўзинг олсанг, 300 АҚШ доллари берсанг етади, — дейди З. Колонхонова.
Шу пайт нариги хонадан Шамсия чиқиб келади ва онасига бобиллаб беради: — Менинг ҳаққим-чи? 300 АҚШ доллари эмас, 600 АҚШ доллари берасиз.
Шоҳиста болани сотиб олишни ўйлаб кўришини айтиб, кетишга чоғланади. Она ва қизининг тубан нияти унинг буткул ғазабини қўзғатган эди. Шу боис уларнинг мудҳиш ниятига чек қўйиш мақсадида тўппа-тўғри Самарқанд шаҳар 5-сонли ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Бу пайтда Зоҳида Шоҳистага қайта-қайта қўнғироқ қилиб, Ўткирбекни сотиб олиш ёки олмаслигини сўраётганди. Шоҳиста ички ишлар идораси ходимларига ушбу тадбирда ўз ихтиёри билан иштирок этишга розилик билдиради. «Салим» исмли шахс тадбирга жалб этилади.
Гўёки улар эр-хотиндек З. Калонхонованинг ҳовлисига келишади.
Кечга яқин пулни келтириб, болани олиб кетмоқчи эканини айтишади.
Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига холислар иштирокида кимёвий ишлов берилган 600 АҚШ доллари тақдим этилади.
Қисқаси, пул, бойлик илинжида фарзандини пуллашдан тап тортмаган нобакорлар жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Улар тергов ва судда болани моддий томондан таъминлашга қийналгани учун яхши оилага фарзандликка бериш ниятида экани, уни сотишни хаёлларига келтирмаганини важ қилиб келтиришди.
Суд судланувчиларнинг бу важини ўзларига тайинланадиган муқаррар жазодан қутулишга уриниш деб топди.
Афсуски, судланувчи Зоҳида ва Шамсия Колонхоновалар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, 2018 йилнинг 26 март куни туғилган, вояга етмаган Ўткирбекни сотишни кўзлашган.
Суднинг ҳукми ўқилди. Ҳар икки судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми «а» бандида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Судланувчи З. Колонхонова суд залидан қамоққа олинди ва тўрт йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Суд судланувчи Ш. Колонхоновага жазо тайинлашда унинг ёлғиз она бўлиб, оиласи моддий етишмовчиликка ҳамда ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд кам таъминланган оила ҳисобланишини, бир оилада икки киши судланаётгани ҳамда жиноятдаги иштирокчилик даражасини инобатга олиб, жамиятдан ажратмасдан туриб ахлоқан тузатиш имконияти мавжуд, деган қатъий хулосага келди. Суд Ш. Колонхоновага Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаб, айбланган модда санкциясида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазо тайинлашни лозим топди.
Унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Суд ҳукми билан келгусида Ўткирбекнинг тарбияси ва парваришланишини таъминлаш ҳамда уни фарзандликка бериш масаласини ҳал этиш Самарқанд шаҳар Васийлик ва ҳомийлик органи зиммасига юклатилди.
Хулоса қилиб айтганда, фарзанд сотиладиган буюм эмас, бундай қилмиш фақат ва фақат афсус-надоматга сабаб бўлади. Одам савдоси жиноятига қўл урган кимсалар муқаррар жазодан ҳеч қачон қочиб қутулолмайди.
Ориф ПАРДАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар суди раиси
Фикр қолдириш