02 апрель 2019
А. Жамолов Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ катта инспектори ва П. Ортиқов Тошкент шаҳар ИИББППХ ва ЖТСБ Кинология хизмати ЙПХ бригадаси кичик инспектор кинологи (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳуқуқий идора хизматчиси сифатида бошқаларга ибрат бўлиши лозим эди, аслида. Лекин “нафсим қурғур балодир, ёмон ўтга соладур” деганларидек, уларнинг нафси вазифасига содиқлик аҳдидан устун келди.
Бу мақсадлари туташ олғирларнинг навбатчилиги 2018 йил 19 июлдан 20 июлга ўтар кечаси Олмазор туманидан Тошкент вилоятининг Зангиота туманига ўтадиган автомобиль йўлида жойлашган “Минерал сувлар” блок-постида бўлди. Улар тун бўйи постдан ўтаётган автомашиналарни кузатиб туришаркан, вазифасини ҳалол ва сидқидилдан бажариш ўрнига қинғир йўлни қидира бошлади.
20 июль тонги соат 05:00 чамаси постдан ўтаётган юк автомашинасини тўхтатди. Ҳайдовчи устига 100 дона прессланган сомон ортиб олган юк автомашинадан тушиб навбатчи ходимлар ёнига келаркан, ҳужжатларида камчилик борлигидан ўнғайсизланди. Бу ҳолат эса хизмат ходими А. Жамоловни сергаклантирди. Ҳар доимгидек, А. Жамолов ўзини таништириб, ундан ҳужжатларини кўрсатишни сўради. Ҳайдовчи траспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжати ёнида йўқлигини айтиб, узр сўради.
Аброр ҳужжатсиз транспорт бошқариб юриш мумкин эмаслигини тушунтираркан, ҳайдовчидан транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини олиб, юк автомашинасини жарима майдончасига олиб боришини талаб қилди. Ҳайдовчи бошини қашлаганича, жарима майдонига қараб кетди.
Бу ҳолатни кузатиб турган Р. Ортиқов юк автомашинасидан тушиб, хизмат ходимлари ёнига келди. ¬Улардан ҳайдовчига транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини қайтариб беришини, унга содир этилган қоидабузарлик ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштирмаслигини илтимос қилди. Бўлмади. Навбатчи ходим илтимосини рад этди. Лекин Р. Ортиқов навбатчининг қатъияти билан кифояланиб, ортга қайтмади. Чунки у бу постдан аввал ҳам ўтган. Улар билан қандай тиллашишни билади. Бу ишни осон битадиган йўлини топади.
Равшан пост-навбатчисига 150 000 сўмни секин ¬узатди. Хизмат ходими бу ҳолатдан таажжублангандек, орқага тисарилди. Гўё ўзини ноқулай сезгандек, қўлини орқасига беркитди. Лекин Равшан ҳадеб қистайверганидан “кўнгли юмшаб” тонгги “насиба”ни қайтаришни истамади.
Хизмат ходимлари юк эгасининг “илтимоси”ни бажариш баҳонасида пора олаётган пайтда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар томонидан қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан А. Жамолов ва П. Ортиқов ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтида пора олиб, жиноят содир этганликда айбланиб, суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.
Зафар БОБОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Олмазор туман суди раиси
(“Инсон ва қонун” газетаси,
2019 йил 2 апрель)
Фикр қолдириш