НОҚОНУНИЙ ҚАРОР СУД ТОМОНИДАН ҲАҚИҚИЙ ЭМАС, ДЕБ ТОПИЛДИ

Ҳаётда оқибатини ўйламай қилинган иш ҳеч шубҳасиз, инсон обрўсини тўкади, ҳатто юзшувутликка олиб келади.

Янгибозор тумани ҳокимининг 2019 йил 11 ноябрдаги 6718-сонли қарорига асосан, Бошқирших қишлоғидаги «Аму со­ҳил парранда» масъулияти чекланган жамиятига 2013 йил 6 августда (туман ҳокимининг 549-сонли қарорига биноан) 41 йил муддатга ажратиб берилган 29,1 гектар ер майдони ҳо­ким­лик захирасига қайтарилди.

Бундан масъулияти чекланган жа­мият­ раҳбари Д. Иброҳимов орадан салкам ярим йил ўтгач, яъни 2020 йилнинг 28 ап­­рель ку­ни хабар топди.

Ўша куни унинг олдига туман ҳокимлиги мутасаддилари ва ички ишлар бўлими ходимлари келишди. Ун­­га қа­рашли да­­лаларда уруғдан аллақачон қий­ғос униб чиққан ва барқ уриб ўсаётган турли экинлар, бир текис ҳосилга кирган буғдой ниҳоллари келганларнинг эътиборини ўзига тортмай қол­мади.

Бу ажиб манзара, чиндан ҳам, кўрган кўзни қувнатиши — турган гап. Бироқ меҳмонлар буни кўриб — кўрмаганга, билиб — билмаганга олишди.

Пировардида Д. Иб­ро­ҳимовга юзланиб, энди бу далалар ҳокимлик заҳирасига олиб қўйилганини айтишди. Буни эшитиб, табиийки, Д. Иброҳимов ҳайрон бўлди ва бунинг сабабини сў­ради. Масаланинг моҳияти шундан сўнг ойдинлашди. Аён бў­лишича, меҳмонлар туман ҳо­кимининг деяр­ли 6 ой муқаддам қабул қилган қарори ижросини амалга ошириш ниятида ташриф буюришган экан. Кўп ўтмай ҳоким қарорига сабаб бўлган омиллар ҳам юзага чиқди.

Маълум бўлишича, паррандачиликка ихтисослашган уш­бу масъулияти чекланган жамият раҳбари туман ҳо­кими томонидан хали 2013 йилиёқ 41 йил муддатга ажратиб берилган 29,1 гектар ер майдони учун ижара шартномаси тузмаган, экинзорлардан мақсадсиз фойдаланган.

Табиийки, жамият мутасаддиси уш­бу эътирозлар ва қа­рорда ифодасини топган ҳо­латлар олдида сукут сақламади. Ўзи­­ни айб­сиз са­­нади, қалбига қую­либ келган дардини тўкиб солди. Ҳо­ким қа­роридан ўз вақтида огоҳ этилмагани боис, эрта баҳордаёқ экин-тикин ишларига киришгани, 9 гектар даладаги буғдойдан таш­қари барча экин майдонларига уруғ эккани, бунинг учун анча-мун­ча куч ва воситалар ишга солингани, тер тўкилгани, миллион-миллион сўм­лик маблағлар харж­лангани, шулар эвазига бўй кўр­сатган экинлар ҳо­зирда бир текис ри­вож­ла­наётгани, жамиятга қа­рашли паррандачилик фермасининг яроқсиз ҳолга келган бино ва ускуналари янгилаётгани, уш­бу режани рўёбга чиқариш ния­тида «Ўзсаноатқурилишбанк»­нинг вилоят филиалидан 210 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, уни Хитойдан замонавий паррандачлик технологияси во­­си­та­лари харидига йў­нал­тир­гани, мазкур жиҳозларни орт­ган машиналар аллақачон йўлга чиққани ва яқин 1-2 кун ичида Янгибозорга етиб келишини ёти­ғи билан тушунтирди. Ер қўл­дан кетган тақдирда, паррандалар учун озуқа етиштириш, банк­дан олинган шун­ча миқдор қарзни қоплаш мушкул эканлигини баён этди. Қа­нийди, ўша пайтда тадбиркорнинг гарданидаги мушкулотни қалбан ҳис эта оладиган валломат топила қолса?

Йўқ, топилмади. Яхшиси, белни боғла­ган кўйи ҳақ-ҳу­қуқ ва қонуний манфатларини ҳимоя­лашдан бўлак чора йўқ.

Бинобарин, ўз-ҳақ-ҳуқуқларини ҳи­­моя қилиш учун ҳуқуқий асослар етарли.

Масъу­лияти чекланган жамият раҳбари олдига мавжуд 29,1 гектар ер майдони учун туман ҳокими би­лан тегишли тартибда шарт­­­нома тузмагани, экинзорлардан мақсадли фойдаланмагани хусусида қў­йилган ҳар иккала айб­га ер-мулк эгасининг дахли йўқ. Хусусан, туман ҳокимининг «Аму соҳил парранда» масъулияти чекланган жамиятига ер майдони ажратиш ҳа­қида 2013 йил 6 августда қа­бул қилган 549-сонли қарори 2-бандига кўра, ер участ­касини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини расмийлаштириш вазифаси жамият раҳбарининг эмас, балки туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими зиммасига юклатилган. Таассуфки, бу идора ўз зиммасига юклатилган ана шу вазифани бажармаган.

Демократик тартиб-таомилларга суянган мамлакатмиз қо­нун­чилиги ижара шарт­номаси мавжуд бўл­маган ҳо­латда ўзга бировнинг зиммасига у ёки бу тарз­да мажбурият юклашни тақозо этмайди. Шу бо­ис, тадбиркорни ер­­дан мақсадли фойдаланмаганликда айблаш ва ҳо­ким қа­рорини чи­қариб, унга қарашли экин майдонларини захирага қайтариш қонунга зид ҳолат ҳисобланади.

Чунончи, «Тадбиркорлик фао­лияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қо­­нуннинг 1-моддасида қайд этилишича, уш­бу қонуннинг асосий вазифаси — фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан ман­фаат­дор бў­лиши учун кафо­лат­лар ҳамда шароитлар яратишдан, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишдан, шунингдек, тадбиркорлик фаолия­ти субъект­ла­ри­нинг ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Қонуннинг 11-моддасида эса, тадбиркорлик субъектларининг давлат ор­ган­ла­ри, шу жумладан, ҳу­қуқ­ни муҳофаза ва назорат қи­лувчи идоралар, шу­­нинг­дек, банклар билан ўза­ро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳу­қуқ­­­ла­рининг устуворлиги принципи амал қи­­­­лиши, ун­га мувофиқ, қо­нун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолия­тини амалга ошириш билан боғлиқ ҳол­да юзага келадиган ва бартараф этиб бўл­­­майдиган барча зиддият­лар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилиши за­рур­лиги қайд этилган.

Масъулияти чекланган жамият­ раҳбари томонидан Маъмурий судга тақдим этилган аризани кўриб чиқиш жараёнида масаланинг шу ва бошқа жиҳатлари алоҳида муҳокама этилди. Унда тадбиркорлик субъектига «Ўзсаноат­қурилишбанк» филиали томонидан берилган 210 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи паррандачилик фермасини ян­ги замонавий ус­куналар билан жиҳозлаш лойиҳасини рўёбга чиқаришга харжланаётгани ва шу юзадан берилган банк маъ­му­рия­ти маълумотномаси инобатга олинди. Сайёр тартибда ўт­ка­зил­ган уш­бу жараёнда вазият бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ун­да жа­мият­га қа­рашли фермахонани чиндан ҳам, хориж жиҳозлари билан қайта ускуналашга қарата иш олиб борилаётгани аниқланди. Масъулияти чек­ланган жамият солиқ тў­ловларини тўлиқ адо этаётгани ва ҳатто шу масала юзасидан ўтказилган танловнинг туман бос­қичи совриндори сифати­да эътироф қилингани ҳам маълум бўл­ди. Амалдаги тартиб-таомиллар бундай пайтда тадбиркорлик субъекти фао­лия­ти йўлига ноўрин, асоссиз тў­сиқ солишни эмас, балки қўллаб-қуватлашни тақо­зо этади. Зе­ро, ер ва экин паравари­ши учун бор куч-ғайрати, моддий ва техникавий им­­ко­ният­ларини ишга солаётган, эл-юрт равнақи учун озмунчамас, нақд 210 минг доллар миқдоридаги кредит маблағини комил ишонч, эз­гу мақсад билан харжлаётган, қо­нун доирасида ҳаракат қилаётган киши ҳа­миша ҳур­матга, эъзозга лойиқ.

Ҳукмингизга ҳавола этилган ҳолатлардан аёнки, қо­нун тадбиркор тарафида.

Шу боис, мазкур низоли масалани кўриб чиқ­­қан дастлабки босқич су­ди ерни захирага қай­та­риш ташаббуси би­лан чиққан тарафнинг ҳаракатини маъқулламади. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг талаби қондирилди. Масъу­лия­ти чекланган жа­­­­мият­га қа­рашли ер­ни ун­дан олиб қўйиш юзасидан 2019 йил 18 ноябрда чиқарилган қарор ҳақиқий эмас, деб топилди. Қо­ну­нийлик, адолат ва ҳа­қиқат ана шу тарзда тантана қилди.

Бироқ ҳокимнинг «Аму соҳил парранда»га қарашли ер­­ни за­­­хирага қайтариш ҳа­­­қидаги қарори қа­бул қи­лин­ганидан сўнг бош­қа бир жиддий муаммо пайдо бўл­­гани, чигал ва­зият­ юзага кел­га­ни­ни­ ҳам эслатиш зарур. Гап шундаки, ер эга­си­дан олиб қў­йилгач, у бошқа бир тадбиркорлик субъекти — ту­мандаги «Жайҳун ёш­лар боғи» кооперативи та­сарруфи­га берилган. Ернинг янги эгаси ҳам фурсатни бекор ўтказмади. Да­ла ва экинлар қаровини бошлаб юборди.

Бу жараёнда кам таъминланган оилалар, ишсиз ёш­лар, аёлларга вақтинчалик фойдаланиш, рўз­ғо­рини тиклаш учун анча-мунча экин майдонларини ажратиб берди. Ер­нинг янги эгаси намоён этган бу хайрли иш гарчи кўп­гина хонадонларнинг оғирини енгил, мушкулини осон этган бўлса-да, айрим муаммоларга ҳам сабаб бўлди. Ернинг ҳақиқий эгасига қайтарилиши уни ҳам муайян оқи­батлар гирдобига ташлади. Хайриятки, бу муаммоларнинг деярли ба­ри ҳо­зирги вақтга келиб, қо­нунан бартараф қилинди.

Оқилона қилинган ишлар, жиддий ўй­ланган ҳолда ташланган қа­дамлар инсонни бу сингари муаммо ва мушкулотларга рўбарў этмайди. Ушбу омилни назарда тутса, жорий йилнинг ўт­ган ойлари мо­байнида ушбу туман ҳокимининг шу ва шунга монанд масалалар юзасидан муқаддам қабул қилган яна 4 та қарори жиддий эъ­ти­роз­ларга сабаб бўл­гани ва пировардида маъмурий судлар томонидан ҳақиқий эмас, деб топилганини ана шу бў­ғин фао­­лиятидаги жид­дий камчилик сифатида баҳолашга ҳақлимиз.

Бу янглиғ қалтис ҳара­кат­лар­дан йи­роқ юрмоқ — оқи­лу доно одамларга хос эзгу фазилат. Жамиятимиз талаби ҳам шу: қонунни ар­доқ­лаган, одамийликни қадр­­ла­ганнинг қўли ҳар жаб­ҳада баланд бўлади.

Тимур Ибрагимов,

Янгибозор тумани

маъмурий судининг раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: