“ОБОД ҚИШЛОҚ” ДАСТУРИГА ХИЁНАТ ҚИЛГАНЛАР ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

03 май 2019

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида “Обод қишлоқ” дастурига ажратилган маблағдан қарийб 100 миллион сўмни ўзлаштирганлар қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

obod.png

2018 йилда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги “Кушек” қишлоғи “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, ҳудудда комплекс янгилаш ишлари амалга оширилган. Уй-жойлар таъмирланиб, ён-атрофи ободонлаштирилган. Ичимлик суви тармоқлари, қишлоқни туман маркази билан боғлайдиган ҳамда қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлаклари барпо этилган. Шу жараёнда Тошбой Исмоилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) раҳбарлик қилаётган «Agrotexsanoatxolding Qurilish» МЧЖ билан туман ободонлаштириш бошқармаси ўртасида шартнома имзоланади.
 
Унга мувофиқ, жамият томонидан қишлоқдаги уйлар атрофи ободонлаштирилиб, декоратив йиғма девор билан ўраш белгиланади. Т. Исмоилов шартнома шартларини бажаришга киришади. У дастлаб 4 миллион 800 минг сўмлик декоратив йиғма девор олиб келиб ўрнатади. 
 
Қолган ишлар эса ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Бу орада туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Фарид Абилов МЧЖ раҳбарига бир неча марта қўнғироқ қилиб, қолган ишларни ҳам охирига етказишни талаб қилади. Т. Исмоилов эса ҳисоб рақамида пул йўқлиги, шартномада кўрсатилган пулларни ўтказиб берса, ишни битиришини айтади.
 
Аслида шартномага мувофиқ, бажарилиши лозим бўлган ишлар охирига етказилгач, кўрсатилган маблағ МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказилиши керак эди. Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Фарид Абилов буни жуда яхши билсада, Т. Исмоиловнинг найрангига «лаббай» дея жавоб бериб, барча ишлар тўлиқ бажарилгани ҳақида далолатнома тузиб, расмийлаштиради. Ишлар бажарилмаганини била туриб, далолатномага имзо чекиб юбораверади. Оқибатда “Обод қишлоқ” дастурига ажратилган маблағдан 123 миллион 234 минг сўм пул «бажармаган ишлари учун» «Agrotexsanoatxolding Qurilish» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. 
 
Мақсадига эришган Т. Исмоилов пул келиб тушиши билан уларни ўзлаштириб, талон-торож қилади. Ф. Абилов эса ноқонуний ҳаракати оқибатида «чапак чалиб» қолаверади.
 
“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади” деганларидек, Т. Исмоилов ҳамда Ф. Абиловнинг қилмишлари фош бўлди. Уларга жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ тумани судининг ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.
 
Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак. Президентимиз илгари сурган ушбу тамойил асосида мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
 
Гап одамларнинг ҳаётдан, бугунги яшаётган кунидан розилиги ҳақида борар экан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси юзасидан олис қишлоқлар, эътиборга муҳтож маҳаллаларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини алоҳида қайд этиш лозим. Зеро, ушбу дастурлар одамларнинг бандлик, тиббиёт, таълим, электр энергияси, газ, ичимлик суви, йўллар каби кундалик турмушидаги бирламчи эҳтиёжларини қаноатлантиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
 
Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг туб моҳиятини тўла тушуниб етмай, халқ манфаатларидан жиғилдонини устун қўядиганларга жазо муқаррар.
 
 
ЎзА 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: