30 март 2019
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада ислоҳ қилиш борасидаги ишлар натижасида одил судловга бўлган ишонч ортаётир. Судьялар ҳам энг чекка ҳудудларга бориб, аҳоли билан самимий мулоқотда бўлмоқда, уларнинг мурожаатларини тингламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамда Олий суд судьялари томонидан Фарғона туманида “Миндонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди.
Бўлиб ўтган учрашув ва сайёр қабулда Судьялар олий кенгаши аъзолари М. Аҳмедов, С. Солиев, Олий суд судьялари А. Ўтаев, З. Қурбоновалар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўлам ислоҳотлар, суд тизимида тамаъгирлик ва коррупцияга қарши курашиш борасида белгиланган чора-тадбирлар, судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тавсия этиш тартиби, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида маърузалар қилди.
Шунингдек сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, кўтарилган масалаларнинг қонуний ҳал қилиш чоралари белгиланди.
Бундан ташқари, шу куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси Ф. Абдураимов томонидан судлар томонидан судланиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган 24 нафар фуқарога оид материаллар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, ушбу фуқароларнинг барчаси тайинланган жазоларни ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
– Жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг 2016 йил 16 ноябрдаги ҳукми билан 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган эдим, – дейди иши сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган А. Баҳоров. – Бугунги сайёр суд мажлисида ўталмай қолган 1 йил 3 ой 22 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндим.
ЎзА
Фикр қолдириш