ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ ВА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ

Суд – одил судловнинг олий нуқтаси. Суднинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён. Айнан шундай ёндашув туфайли бу соҳадаги ишлар кўлами, миқёси ва самарадорлиги кейинги даврда ниҳоятда кенгайиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январда парламентга йўллаган Мурожаатномасида, давлат идоралари мансабдорлари суд мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлишини чуқур англаб олишлари кераклигини таъкидла­ган­ди.

Бу фикрлар давлат раҳ­барининг ушбу соҳада амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар борасидаги қатъий позициясини яқ­қол кўрсатди.

Президентимиз суд тизими ходимлари билан 2017 йил 13 июнда ўтказилган тарихий учрашувда суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволига эътибор қаратиб, мавжуд муаммолар, ўз ечимини топмаган камчиликларни атрофлича таҳлил қилиб, соҳа истиқболига доир устувор вазифаларни белгилаб берди.

Зеро, судни, том маънода, «Адолат қўрғони»га айлантириш орқалигина фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.

Кейинги йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация техноло­гия­ларини жо­рий қилиш масаласи алоҳида диққат марказида турибди. Шу мақсадда аризаларни электрон тартибда қа­бул қилиш, процессуал муддатларга риоя қилиниши устидан онлайн мониторинг ўрнатиш, ишларни ин­сон омили аралашмаган ҳолда автоматик тақсимлаш имкониятини берувчи «Е-XSUD» ахборот тизими яратилди.

Шу билан бирга, судларда видеоконференция алоқа тизими ишга туширилди. Аҳолига қулайлик яратиш ва маблағни тежаш мақсадида суд мажлислари ушбу тизим орқали онлайн режимда ўтказилмоқда.

2020 йилнинг 30 июнь куни Президентимиз раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида суд тизимини янада ислоҳ қи­лиш бў­йича ўз ечимини кутаётган бир қа­тор муҳим ва долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Президентимиз корруп­ция­га қарши кураш борасидаги ислоҳотларнинг кейинги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган бир қа­тор вазифалар ҳақида тўх­талди. Айниқса, соҳа ва тармоқларда рақамлаштириш ишларини амалга ошириш, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, коррупцияга қар­ши курашишда кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланиб, бу йўналишда аниқ тизим яратишга доир ниҳоятда муҳим таклифлар илгари сурилди.

Бундан кўзлаган мақсад-муддаомиз битта. Бу ҳам бўл­са, судья мустақил бўлса, қо­нунга сўзсиз бўйсунса, масъулиятни чуқур ҳис қил­са, беғараз ва холис бўлсагина адолат ўрнатилади.

Айни чоғда, 7 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Судьяларнинг чинакам мус­тақиллигини таъминлаш ҳам­да суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самардорлигини ошириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон тизимдаги ис­ло­­ҳот­ларнинг янги босқичига асос солди.

Бу ўринда суд тизимида етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судья­лар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш орқали фу­қаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимия­­тига бўл­ган ишончини янада оширишга янги ҳу­қу­қий замин яратилгани­ ҳа­қида гап бормоқда.

Фармонга кўра, судьялар мус­тақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг қуйидаги тўртта асосий йўналиши белгиланди:

биринчи йўналиш — судья­ларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фао­лиятини ҳар қандай кў­ри­нишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қи­лишни таъминлайдиган ҳу­қуқий механизмларни яратиш;

иккинчи йўналиш — судья­ликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шу­нинг­дек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технология­ларини изчил жорий қилиш;

учинчи йўналиш — судьялар ва суд аппарати ходимла­ри орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳам­да суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;

тўртинчи йўналиш — судья­ларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулия­тини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амал­­га ошириш орқали юк­­сак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бў­йича имтиҳон жараёнлари Интернет тармоғи, веб-сайт орқали он­лайн тарзда ёритиб борилади.

Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дас­тур — психологик тест ишлаб чиқилади. Судья фао­лия­ти­нинг самардорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар, хусусан, рейтинг дастури амалиётга татбиқ этилади.

Судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судья­лар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларининг рақамлаштирилиши бежиз эмас.

Бинобарин, жамиятда коррупциянинг олдини олишнинг энг муҳим мезони фао­лиятда очиклик ва шаффофликни таъминлашдир.

Бу ҳақда сўз борганда, Президентимиз томонидан 2020 йил 3 сентябрда «Суд ҳо­ки­мияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги қа­рор қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу ҳужжат судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадига қаратилган.

Қарор билан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти ор­ган­лари фаолиятини рақамлаштириш дас­тури ва судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Натижада амалга оширилаётган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш учун судга мурожаат қилишини эркинлаштириш ва одил судловга эришишни ошириш им­конини бермоқди.

Келгусида судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишлаб чиқилади. Судья­ларни танлаш ва лавозимга тайинлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш, ўз навбатида, судьялар корпусини малакали ва ҳа­лол-пок кадрлар билан тўлдиришга замин яратади.

Бундан ташқари Фармонда судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолия­тига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақса­ди­да­, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фао­лиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар олий кенгашининг ўрни ва аҳамияти қандай бў­лиши зарурлигига алоҳида аҳа­мият берилган.

Бунда, хусусан, Судьялар олий кенгаши раиси томонидан:

прокуратура органларига тақдимнома киритиш;

судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гу­воҳ ёки гумон қилинувчи си­фатида сўроқ қи­­лиш учун ча­қиришга тегишли ма­­лака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйиш;

суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш;

одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда корруп­ция­га қар­ши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбе­кис­тон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиш бориш тартиби ўрнатилаётгани эътиборга сазовор.

Маълумки, Жиноят кодексининг 236-моддасида тергов қи­лишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Келгусида судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳо­латлари юзасидан бевосита тўғ­ридан-тўғри Кенгаш раиси томонидан прокуратура органларига тақдимнома киритилиши ва тақдимноманинг бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши белгиланиши, бир томондан, ички ва таш­қи­ аралашувларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Иккинчи томондан, бундай оқи­­­­лона ёндашув тийилиб туриш ҳақида қатъий огоҳлантириш ва бу билан судларнинг мустақиллиги амалда таъминланишига, пировард мақсад бўлган — адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришишга имкон беради.

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бў­йича суд инспекцияси тузиш бўйича ишлар бошланди. Бу ҳам судларда коррупция­ни­ кел­тириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қи­лади.

Фармонга кўра, «Ибратли судья»­ мукофоти, «Суд фахрийси» кўкрак нишонлари жо­рий қилинмоқда. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини бу тарзда рағбарлантириш орқали юксак ва масъулиятли лавозимига бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришга эришамиз.

Бу эса, судьялар ўзлари учун эл-юртнинг ҳурматидан ортиқ олий бахт йўқлигини, пенсияга чиққанларидан кейин ҳам эътироф ва эътиборда бўлишларини ҳис этиб хизмат қилишларида муҳим омил ҳисобланади.

Янада содда қилиб айтганда, бундай амалий рағбатлар судьялар одил судловни амалга оширишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳу­қуқ ва эркинликлари, давлат ва жа­мият манфаатлари му­ҳофаза қи­линишини тўлиқ таъминлашни энг асосий бур­чи сифатида билиб, бу ишда фидойилик кўрсатишларига имкон яратади.

Кенгаш ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судья­лар клуби ташкил қи­ли­ни­ши ҳам муҳим аҳа­мият касб этади. Бу клуб амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғ­ри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян ва­зият­ларда қўлланилиши юзасидан сў­ровларига тушунтиришлар бе­риш ваколатига эга бўлади.

Зеро, судья нафақат муайян­ суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлақ ҳу­қуқли процессуал шахс, бал­ки у, аввало, жа­миятдаги энг обрўли инсондир. Айнан судъя­лик маданияти, судьянинг илм-маърифати орқали жамиятимизда одил судловга ҳурмат, Конституция ва қонунлар устуворлиги ҳамда адолатга ишонч шаклланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз Фармонида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши моҳият-эътибори билан судлар мус­та­қиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг конс­ти­туциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тў­лиқ ҳи­моя қилишга олиб келади. Бир сўз билан айт­ганда, янги Фармон мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъ­минлашга хизмат қилади.

Шахзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Қашқадарё вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: