Журналнинг “Судлар фаолиятидан” рукнида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди судьяси С.Наимовнинг “Фирибгарлик”ми ёки “жиноятга далолат қилиш”ми? сарлавҳали мақоласи чоп этилган.
Маълумки, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мақсади шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат. Муаллиф мақола мавзусидан келиб чиқиб, айбдор шахснинг ҳаракатлари ҳам фирибгарлик сифатида, ҳам пора беришга қизиқтириш сифатида Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 28, 211-моддалари билан жиноятлар мажмуи сифатида тавсиф қилиниши лозимлигини эътироф этган. Шунингдек, туман суди ҳукмидан мисол келтирилиб, унга муносабат билдирилади (64-66-бетлар).
Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди раиси М.Абдувахабованинг “Манфаатлар Қонун билан ҳимояланади” номли мақоласида болаларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида мамлакатимиз қонунларида тегишли меъёрлар белгилаб қўйилгани, жумладан, Оила кодексини 96-моддасида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш шартлиги ва буни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши белгилангани, 99, 135 ва 145-моддаларига кўра, ҳар бир оила учун ундириладиган алимент миқдори энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизини ташкил этиши баён қилинган (67-68-бетлар).
“Оғриқли нуқта” рукнида Н.Раҳмонованинг “Ҳалокат остонасига қадам босаётган ўсмирлар” номли мақоласи берилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2018 йилда вояга етмаганлар ўртасида 153 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати қайд этилган. Муаллиф бунга ундаган омилларни билиш мақсадида кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиб, кўп омиллар сабаб қилиб кўрсатилганлигини баён қилади (69-72-бетлар).
Фикр қолдириш