03 май 2019
“Одил судлов” журналининг 4-сони босмадан чиқди. Унда бир қатор қизиқарли мақолалар ўрин олган.
“Жиноят ишлари бўйича суд амалиёти” рукнида жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2018 йил 4-чорагида назорат тартибида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти обзори, шунингдек, “Маъмурий ишлари бўйича суд амалиёти” рукнида маъмурий ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2018 йил 4-чорагида назорат тартибида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти ўзбек ва рус тилларида чоп этилди.
Журналнинг “Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари” рукнида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Х.Азизовнинг “Судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизими” мавзусидаги мақоласи берилган. Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Мазкур Кенгаш қошида “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Судьялар олий мактаби ташкил этилди. Жумладан, номзодларни бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича тайёрлашни, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни икки ойлик курсларда қайта тайёрлашни, шунингдек судьялар ва судлар аппарати ходимларини икки ҳафтадан кам бўлмаган курсларда малакасини оширишни белгилаш назарда тутилди. Хусусан, муаллиф хорижий давлатларнинг судьялик лавозимларига тайинланиш тартиби ва амалиёти ҳақида маълумотлар келтириб, уларнинг ижобий тажрибаларини миллий қонунчилигимизга тавсия қилиш аҳамиятга эга эканлиги ҳақида фикр билдирган.
“Жиноят-процессуал ҳуқуқи ва жараён” рукнида жиноят ишлари бўйича Қонликўл туман суди раиси Е.Абибуллаевнинг “Жиноий жавобгарликдан ҳамда жазодан озод қилиш асослари ва тартиби” мавзусидаги мақоласи чоп этилган. Жиноят учун жавобгарлик жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишида ифодаланадиган жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир. Мақолада жиноят учун жавобгарликдан озод қилишнинг хусусиятлари ва жавобгарликка тортиш муддатлари, жазодан озод қилишнинг моҳияти, шунингдек, жиноят учун жазодан озод қилишнинг жавобгарликдан озод қилиш процессуал тартиби, шартлари ҳамда бошқа ҳолатларига кўра фарқланиши ёритилган.
“Процессуал ҳуқуқ ва жараён” рукнида фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Ғ.Эргашевнинг “Судларда буйруқ тартибида иш юритиш” номли мақоласи берилган. Муаллиф суд буйруғини қабул қилишдан асосий мақсад: Судда иш юкламаларини камайтириш, фуқаролик ишларини тез ва қисқа муддатларда кўриб чиқишдан иборатдир, дейди. Бинобарин, суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги аризаларни кўришнинг ўзи фуқаролик ва иқтисодий судларда мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш, ортиқча сансалорликларни камайтиришга қаратилган бўлса, ушбу турдаги аризаларнинг ахборот тизими орқали судга топширилиши уларни кўриб чиқиш тартибини янада осонлаштиради, деган фикрда.
“Фуқаролик процессуал ҳуқуқи ва жараён” рукнида ТДЮУнинг “Фуқаролик процессуал ва иқтисодий процессуал ҳуқуқи” кафедраси катта ўқитувчиси О.Пирматовнинг “Суд ишларини юритишда аудио ёки видеоёзувларнинг далил сифатидаги ўрни” мавзусидаги мақоласи ўрин олган.
Аудио ва видео далиллар овозли ва тасвирли кўринишдаги ахборотлар бўлиб, улар электрон далилларнинг бир шаклидир. Муаллиф мақолада хорижий давлатларнинг далиллар тўғрисидаги қонунлари ва тажрибаси билан бўлишган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси ҳамда Иқтисодий процессуал кодексининг исботлаш ва далилларга оид бобларидаги аудио ва видеоёзувларга доир моддаларини такомиллаштириш лозимлиги ҳақида фикр билдирган.
“Солиқ ва ҳуқуқ” рукнида Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти Б.Султоновнинг “Солиққа оид низолар” мавзсуидаги мақоласи берилган. Мақолада солиққа оид низо тушунчасини турли муаллифлар нуқтаи назаридан ўрганиш лозимлиги таъкидлаган бўлиб, қатор илмий ишларда ушбу тушунчаларга турлича таърифлар берилган. Муаллиф суд амалиётининг таҳлили ҳамда солиққа оид низоларнинг таснифи, ўз навбатида солиққа оид низоларнинг аломатлари турли кўринишларда намоён бўлиши ҳақида фикр билдирган.
“Мулоҳаза” рукнидан Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги Академияси Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент М.Зиёдуллаевнинг “Ички Ишлар органлари таянч пунктларининг маъмурий-процессуал фаолияти” мавзусидаги мақоласи ўрин олган.Таянч пунктларининг фаолияти йўлга қўйилгани фуқаролар ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан уларга зудлик билан мурожаат қилиш имконини берди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси доирасида ички ишлар органларининг таянч пунктларига қилган мурожаатлари маъмурий-процессуал фаолият доирасида ҳал этилади ҳамда улар бўйича тегишли маъмурий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилади. Мақолада профилактика инспекторларининг маъмурий амалиётга доир фаолияти таҳлили, яъни 2011-2017 йилларда республикада 5 млн. 700 мингга яқин маъмурий ҳуқубузарлик аниқланлиги, уларнинг 65 фоизига нисбатан бевосита профилактика инспекторлари томонидан ваколат доирасида маъмурий жазо чоралари кўрилганлиги ва 35 фоизи бўйича эса баённомалар қонуний чора кўриш учун бошқа органларга юборилганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган. Шунингдек, ушбу ишларни кўриб чиқиш натижасида 5 млн. 232 минг нафардан ортиқ шахсга нисбатан тегишли маъмурий чоралар қўлланилган.
“Экология ва ҳуқуқ” рукнида Қорақалпоқ давлат университети эркин изланувчиси, юридик фанлар номзоди К.Бабаназаровнинг “Радиациявий хавфсизликни таъминлаш бўйича инсон онги ва тафаккурини шакллантириш” мавзусидаги мақоласи чоп этилди. Мақола радиациявий хавсизликни таъминлаш соҳасида инсон онги ва тафаккурини шакллантиришнинг муҳим мезони сифатида экологик ҳуқуқий таълим ва тарбияни юксалтириш масалаларига бағишланган. Шунингдек, мақолада экологик таълим ва тарбия соҳасидаги қонунчилик нормалари таҳлил қилинади.
9 апрель – Амир Темур таваллуд топган кун муносабати билан Жомбой туманлараро иқтисодий суди судьяси С.Қувватовнинг “Адолат эшигини очдим” номли мақоласи ўрин олган.
Соҳибқирон инсон ҳуқуқларини поймол қиладиган ҳар қандай жабр-зулмнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашга ҳаракат қилган. Ўз навбатида, соҳибқирон фиқҳ таълимоти ривожига муносиб ҳисса қўшган. «Мусулмонларга диний масалалардан таълим бериб, шариат ақидалари ва ислом диний илмлари: тавсир, ҳадис, фиқҳдан дарс берсинлар, ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрислар тайин қилдим”, деб таъкидлайди Амир Темур.
“Суд очерки” рукнида журналист Н.Элмирзаеванинг “Ёнаётган “капалак” ёхуд жаҳолат чангалида” номли суд очерки ўрин олган. Очерк Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида кўрилган жиноят ишлари асосида тайёрланган.
“Одил судлов” журналининг 4-сони босмадан чиқди. Уни ўқиб чиқишни сизларга ҳам тавсия қиламиз.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш