01 май 2019
Илгари хабар берганимиздек, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзо давлатлари судьялари семинарида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг делегацияси 27 апрель куни Шанхай шаҳридаги олий ўқув юртларида таълим олаётган Ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказди.
Талабаларга Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Табиийки, учрашувда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз борди. Хусусан, 2017 йил 1 июндан юқори инстанция судлари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолият юритаётганлиги, хўжалик судлари иқтисодий судларга ўзгартирилиб, 71 та туманлараро иқтисодий судларни ташкил этилгани айтилди.
Шунингдек, тадбирда ёшларга ҳозирги ислоҳотлар даврида Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси, бунёдкорлик ишлари, ёшларни, жумладан хорижий мамлакатларда таълим олаётган талабаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида суҳбатлашилди.
Хорижда яшаётган ва профессионал фаолиятини юритаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимдир. Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни етакчи хорижий таълим муассасаларида ҳамда Ўзбекистонда тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилганлиги, унинг фаолияти ҳақида фикр алмашилди.
Делегация аъзолари талабаларнинг яшаш тарзи, ўқиш жараёни, таклиф ва мулоҳазалари билан қизиқди. Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш олий шараф, унинг равнақи учун муҳим билимларни, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиб, юртимиз фаровонлигига ҳисса қўшиш ҳар бир Ўзбекистонлик учун олий бурч эканлигини таъкидланди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш