ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

24 май 2019

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. 

plenum.png

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар, ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 
 
Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аввало фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш орқали уларни суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди. 
 
Суд-ҳуқуқ тизимидаги шиддатли янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида бугунги замонавий талаб ва эҳтиёжларни инобатга олиб амалдаги қонунчилик базасини изчиллик билан такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. 
 
Шу нуқтаи назардан, кейинги даврда Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси тасдиқланганлиги жамиятимиз ҳаётида улкан воқеа бўлди.
 
Дунёнинг тараққий этган давлатларининг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш, ислоҳотлар жараёнида тўпланган бой тажрибамиз асосида ишлаб чиқилган ушбу кодекслар одил судлов самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янги, замонавий механизмлар орқали кафолатли ҳимоя қилиш, судлар фаолияти шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутмоқда. 
 
Ўз навбатида, ушбу янги кодексларнинг қабул қилиниши Олий суд Пленумининг бу борадаги қарорларини янги таҳрирда қабул қилишни тақозо этди.
 
Шу мақсадда Олий суд томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан “Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида” ва “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини биринчи инстанция судида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.
 
Пленум мажлисида ушбу қарорлар лойиҳалари муҳокама қилинди.
 
Хусусан, Пленум мажлисида муҳокама этилган “Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилгани муносабати билан судлар қонун нормаларини бир хилда тўғри қўллаш ҳақида тушунтириш бериш ва ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилди. Мазкур қарор лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддасига мувофиқ суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими, қарори устидан шикоят бериш ҳуқуқи суд ишини юритишда айблов томони (прокурор, жабрланувчи ёки унинг вакили, фуқаровий даъвогар ёки унинг вакили) ва ҳимоя томони (айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб, жиноят иши тугатилган шахс, маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакили, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили) иштирокчисига берилганлиги тушунтирилмоқда. Суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи, шунингдек, мазкур қарорлар ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига дахл этган бошқа шахсларда ҳам мавжуд. Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари суд ҳужжатларининг фақат фуқаровий даъвога оид қисми устидан шикоят беришга ҳақли. Оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳукмнинг оқлов сабаблари ва асосларига оид қисми устидан шикоят беришга ҳақли. Қонунда бошқа шахсларга суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи берилмаган. Назорат тартибидаги шикоят, протест бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади. Назорат тартибида иш юритиш фақат апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича қўзғатилади. Қонунда шикоят (протест) бериш учун бирон бир муддат белгиланмаган. Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодекси мазмунига кўра, ҳукм (ажрим) қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир йил ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест), башарти унда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришларга (масалан, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиш, жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилаш, шартли ҳукмни бекор қилиш, мулкий зиён миқдорини кўпайтириш, башарти бу жиноят квалификацияси ёки айблов мазмуни маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгаришига олиб келса ва ҳ. к.), шунингдек, оқлов ҳукмини ёхуд суднинг ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш назарда тутилган бўлса, назорат инстанцияси суди томонидан кўрилиши мумкин эмас. 
 
Шунингдек, Пленум йиғилиши иштирокчилари Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирда қабул қилингани муносабати билан ишлаб чиқилган “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги қарор лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Айтиш керакки, Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли моддасига мувофиқ, ҳал қилув қарори биринчи инстанция суди томонидан ишни даъво ва алоҳида иш юритиш тартибида мазмунан кўриш натижалари бўйича қабул қилинадиган суд ҳужжатининг бир шакли ҳисобланади. Ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилинади ва барча давлат органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сўзсиз ижро этилиши лозим. Ушбу Пленум қарори лойиҳасида судларнинг эътибори Фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиққан ҳолда суднинг ҳал қилув қарори қонунга асосланган бўлиши лозимлигига қаратилмоқда. Ҳал қилув қарори, унда иш учун аҳамиятга эга бўлган фактлар, суд томонидан текширилган далиллар билан тасдиқланган, уларнинг алоқадорлиги ва мақбуллиги қонун талабларига жавоб берадиган ёки суд ҳаммага маълум деб топган, исботлашга муҳтож бўлмаган ҳолатлар, шунингдек, аниқланган фактлардан келиб чиқадиган якуний хулосалар акс эттирилганда, асослантирилган ҳисобланади. Судья ҳал қилув қарорини алоҳида хонада (маслаҳатхонада) ишнинг муҳокамаси тугаганидан кейин дарҳол қабул қилиши шарт. Шунингдек, судларнинг эътибори асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлашни кечиктирилиши истисно ҳолларда, ўта мураккаб ишлар бўйича беш кундан ортиқ бўлмаган муддатга йўл қўйилишига қаратилмоқда. Бундай ҳолларда ҳал қилув қарорининг фақатгина кириш ва хулоса қисмлари тайёрланади. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисми иш муҳомаси тамомланган суд мажлисининг ўзида судья томонидан имзоланади, ўқиб эшиттирилади ва ишга қўшиб қўйилади. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисми эълон қилинганда, раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслар, уларнинг вакиллари асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишишлари мумкинлигини тушунтириши шарт ва бу суд мажлиси баённомасида акс эттирилади. Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ суднинг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмлардан иборат бўлиши керак. Қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмуни у эълон қилингач, раислик қилувчи томонидан тарафларга тушунтирилиши шарт.
 
Пленум мажлисида муҳокама этилган “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини биринчи инстанция судида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳасида иқтисодий судларнинг эътибори низоларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, тортишувлиги ва одил судловнинг бошқа принципларини таъминлаган ҳолда ҳал этиш зарурлигига, уларга риоя қилмаслик эса, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келишига қаратилмоқда. Иқтисодий процессуал кодексининг тегишли моддасига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли. Бунда манфаатдор шахс деганда, ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаат қилаётган шахс (даъвогар, қарши даъво аризаси бўйича эса жавобгар, аризачи, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс) тушунилиши лозим. Суд манфаатдор шахсларнинг, прокурорнинг, қонун бўйича давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда шу давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади. 
 
Қонуний кучга кирган суд ҳужжати барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Судья томонидан имзоланган суд ҳужжатлари ишда қолдирилиши сабабли, унинг ишда иштирок этувчи шахсларга юбориладиган нусхалари “аслига тўғри” ёзуви киритилиб, суднинг гербли муҳри билан, агар суд ҳужжати электрон тарзда юборилса, у судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.
 
Йиғилишда таъкидланганидек, муҳокама этилган Пленум қарорлари жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади. 
 
Шунингдек, йиғилишда Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳолига, тадбиркорларга, давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига, судьяларга тушунтириш бўйича вилоятларда ва маҳаллаларда тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.
 
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
 
 
Ўзбекистон Республикаси 
Олий суди матбуот хизмати

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: