Н. Ботиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳалол меҳнат қилиб, оиласига наф келтириш ўрнига, мўмай даромад топиш илинжида жиноятга қўл урди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қўқон шаҳар судида мазкур жиноят юзасидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.
Н. Ботиров қирғиз миллатига мансуб “Абдубақит” билан қинғир йўллар орқали мўмай даромад топиш мақсадида ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, Қирғизистон Республикасида эркин савдода бўлган 12 000 дона кассетадаги “Трамадол 50 мг” дори воситаларини Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳридан сотиб олиб, Ўзбекистон Республикасига олиб ўтишади.
Н. Ботировнинг Қўқон шаҳрида яшовчи ҳамтовоқлари А. Азизов, Н. Одилов ва Ж. Рўзиев ушбу “заҳарли” дориларни Қўқон шаҳрида сотиш билан шуғулланишади.
СВОЖЖДЛҚКД ва ДХХ Қўқон шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “олғир” жиноятчилар ноқонуний ҳаракатларини фош этувчи ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Бундан ташқари, Н. Ботиров Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини бузишда айбланган. Суд мажлиси давомида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.
Ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо тайинланди. Суд ҳукмига кўра Н. Ботировнинг 5 йил 3 ой умри энди панжара ортида ўтади.
Фикр қолдириш