02 май 2019
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоячиси бўлган суд мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида ислоҳотлар самадорлигини оширишга ва бу ҳақда кенг жамоатчиликни хабардор этишга кўмаклашувчи қатор босма ва электрон ОАВ мавжуд.Ушбу йўналишга ихтисослашган журналистлар қатлами шаклланган. Бу,ўз навбатида, аҳолини сифатли ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш имконини бермоқда.
Жорий йил 30 апрель куни Олий судда бўлиб ўтган давра суҳбатида суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Олий суд раиси К.Камилов бошқарган тадбирда юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.Кейинги даврларда қабул қилинаётган тегишли қонун, фармон ва қарорлар судларнинг мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳи¬моясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини оширишда дастуриламал бўлаётгани таъкидланди.
Шунингдек, суд органларининг муҳим вазифаларидан бири сифатида судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 607 та суд фаолият кўрсатмоқда. Кейинги даврда судлар ихтисослашди. Эндиликда Жиноят, фуқаролик судлари билан бир қаторда маъмурий ва иқтисодий судлар иш олиб бораётир. Бугун суд эшиклари ҳамма учун очиқ. Фақат қонун талабларини бузмасдан суд ишига ҳалақит берилмаса бўлди.
Судларнинг аҳолига яқинлашуви ортган. Эндиликда 30 фоиздан кам бўлмаган ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилмоқда. Янада муҳими суд ҳуқуқ ислоҳотлари туфайли 2017 йилда 262 нафар, 2018 йилда 867 нафар, 2019 йил биринчи чораги мобайнида 147 нафар шахс оқланди.
Мамлакатимизда инсонпарварлик тамойилига биноан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва Маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафолат хатларига асосан ўтган йили 1197 нафар кишига, жорий йилнинг биринчи чораги давомида эса 424 нафар фуқарога қилган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланган.
Бу борада судлар фаолиятини ёритиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш бўйича Олий суд томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.Жумладан, ошкораликни таъминлаш мақсадида барча судьялар белгиланган режа асосида брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказиб келмоқда.
Судлар фаолияти босқичма-босқич онлайн тизимига ўтказилаяпти. Албатта, суд жараёнларининг онлайн эфирга узатилиши тарафларнинг розилиги билан амалга оширилади. Ишларнинг видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши одамларнинг вақти ва маблағини тежашга хизмат қилмоқда.
Тадбирда мамлакатимизнинг етакчи газета ва журналлари бош муҳаррирлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул ходимлари, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ва матбуотга дахлдор бошқа муассасалар ҳамда айрим ижтимоий тармоқлар вакиллари иштирок этди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш