ОПАСИНИ ТУНАГАН СИНГИЛ БУГУН АФСУСДА. АММО…

05 февраль 2019

Жиноят кодексининг 169-моддаси “Ўғрилик”, дея номланиб, унга кўра ўғрилик — ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишдир. Аммо Поп туман Ойбек маҳалласида яшовчи Бумайрам Солиҳова (исм-шарифлари ўзгартирилган) жиноий шериги Нозима Абдуллажонова билан бирга бегона ҳовлига эмас, балки ўз туғишган опаси Аломат Солиҳованикига ўғирликка тушди.

Гап шундаки, ўша куни Аломат болаларини етаклаб, ота-онасиникига кетганди. Хўжайини Муҳсинжон эса узоқ сафарда эди. Буни яхши билган Бумайрам опасининг буюмларини ўмариш хусусида Нозима билан жиноий тил бириктирди. Кеч соат 21:00 ларда эса иккаласи А. Солиҳованинг уйига яширин равишда кириб, “Аверло” ва “Чайка” русумли тикув машиналари, 15 дона аёллар кўйлаги матолари, жиянларининг ўқув қуроллари, 1 дона телевизор тюнери каби жами 3 450 000 сўмлик мол-мулкларини ўғирлаб чиқиб кетишди.
 
Ўғри дугоналарнинг кейинги “манзили” туманнинг Анҳор маҳалласидаги кўп қаватли уйда яшовчи Дилобар Юнусованики бўлди. Яъни, улар хонадон соҳибасининг уйда йўқлигидан фойдаланиб, 3 кун мобайнида дазмол, гиламлар, телевизор тюнери, тилла тақинчоқлар, газ ҳисоблагич, тикув машинаси, аёллар кўйлаги матолари, соч турмаклаш мосламаси, аёллар оёқ кийими, болалар кийим-кечаклари сингари 4 370 000 сўмлик буюм ва ашёларни яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинишган. Бу орада эса Н. Абдуллажонова ўз қўшниси Жаннатой Умаровага укол қилиш учун кириб, бу хонадондан ҳам қуруқ қайтмайди. 
 
Ж. Умарованинг 1 172 000 сўмлик мулки ва озиқ-овқат маҳсулотларини ўғирлаб чиқади.
 
Буни қарангки, шундан кейин ўғри хонимларнинг “иштаҳа”си янада очилиб кетди. Оқибатда бир ой ичида яна 10 нафар фуқаронинг 15 770 000 сўмлик мол-мулкларини ўмариб, айримларини арзон-гаровга сотиб юборишди. 
 
Бироқ “Кўза кунда эмас, кунида синади”, деганларидек, кўп ўтмай қонун ҳимоячилари Бумайрам ва Нозиманинг қилмишларини фош этишди. 
 
Натижада ҳар иккаласига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг ҳукмига биноан судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, улар суд залидан қамоққа олинди. Шунингдек, суд ҳукмида айбдорлардан жабрланувчиларга етказилган зарар ҳам солидар тартибда ундирилиши белгиланди.
 
Суд мажлисида айрим жабрланувчилар, жумладан, Бумайрамнинг опаси – Аломат Солиҳова ўзига етказилган зарардан воз кечганини маълум қилди.
 
Суд Поп туман халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳомийлик органи зиммасига Б. Солиҳованинг 2 нафар, Н. Абдуллажонованинг 1 нафар фарзандини уларнинг қариндошлари ёки бошқа шахсларнинг ҳамда муассасаларнинг васийлигига ёки ҳомийлигига топшириш вазифасини юклаш тўғрисида ажрим ҳам чиқарди.
 
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: Бумайрам ва Нозима жазо муддатини ўтаб чиққунча 3 нафар фарзанд она меҳридан бошқа ҳеч нарсага зориқмаслиги мумкин. Лекин вақти-соати келиб улар улғайгач, тенгдошлари “Сен ўғрининг боласисан” ёки “Сенинг онанг ўғри”, дея юзига солмаслигига ким кафолат бера олади? Энг ачинарлиси, ана шунда.
 
 
Илёсжон УСМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича 
Поп туман суди раиси
 
(“Инсон ва қонун” газетаси,
2019 йил 5 февраль)
 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: