ПИЁДАЛАРНИ УРИБ ҚОЧГАН ҲАЙДОВЧИ 7 ЙИЛГА ҚАМАЛДИ

18 февраль 2019

Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судининг очиқ суд мажлисида Б. Ихтиёровнинг жиноий иши кўриб чиқилди.

Шом. Атрофни тобора ғира-ширалик чулғаб, борлиқни қуюқ тун пардаси қоплаётган маҳал. Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилувчи Бектемир Ихтиёров (исм-фамилия ўзгартирилган) бу вақтда йўлда ҳаракатланиш қийинлашиши ҳақида кўп эшитган, ҳайдовчилик борасида ёш, бу ҳолат тажрибасидан ҳам маълум эди. Боз устига ўша куни йўл сирпанчиқ эди…
 
Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судининг очиқ суд мажлисида Б. Ихтиёровнинг жиноий иши кўриб чиқилмоқда. Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги сайёр суд мажлисида мазкур жиноят ишига доир далиллар ўрганилиб, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланмоқда. Бу вақтда бошини қуйи солганча, суднинг қора курсисига тобора чўкиб бораётган Б. Ихтиёровнинг кўз ўнгидан ўша кунги воқеалар кино тасмасидай бирин-кетин ўтаётир.
 
…Бектемир ўша куни кечки пайт ишдан чиқиб, машинасига ёқилғи қуймоқчи бўлди. Узумзор кўчасидан Хон Радион кўчасида жойлашган шохобча томон шошиб ҳаракатланар экан, йўлнинг сирпанчиқлиги, камига тирбандлиги ғашини келтирарди. Шундай бўлса-да, эпчиллик билан бошқалардан ўзишга, манзилга тезроқ етиб боришга ҳаракат қиларди.
 
Уловини елдек учириб, навбатдаги чорраҳага шиддат билан яқинлашар экан, светофорнинг яшил чироғига кўзи тушди. “Демак, йўл очиқ. Аммо ўтиб олишга улгураманми? Афтидан ҳозир сариқ ёнади. То мен етиб боргунимга қадар йўл ёпилиши мумкин. Балки ёпилмас, улгурарман», – чамаларди у. Шу ўй билан таваккал қилиб, чорраҳадан ўтишга аҳд қилди.
 
Тезликни тобора ошираркан, қарама-қарши йўналишдаги машиналар чироғидан кўзи қамашар, деярли ҳеч нарсани кўрмасди. Бир пайт машинасига нимадир қаттиқ урилиб, олд ойнаси чилпарчин бўлди.
 
Воқеалар ривожи шу қадар тез эдики, у нималар бўлганини англашга қийналар, қаттиқ саросимага тушиб қолган эди. Шу тобда билгани шу бўлдики, у ҳозиргина 2 нафар пиёдани уриб юборди. Улар беҳуш ётишибди.
 
“Машинани тўхтатиб, уларга ёрдам бериш керак“, ўйларди у. Бошқа томондан “Йўқ, йўқ, зинҳор тўхтаб бўлмайди. Тўхтадингми тамом, сени ушлаб, олиб бориб қамашади. Ҳа, ҳа, қамашади. Чунки ҳозиргина сен икки одамни машинангда уриб юбординг“, деган ўй ва хаёллар чалғитарди уни.
 
Бу пайтда Бектемирнинг хавотирли ўйлари, қўрқоқлиги устун келиб, машинани тўхтатмасдан тезроқ кетишга аҳд қилди. Яна машинасини елдек учириб, овлоқ дала томон йўл олди. Далада бироз ўзига келгач, машинани ўша жойда қолдириб, уйига яёв жўнади. Эртаси куни бўлган воқеани аввал уйидагиларга, кейин ички ишлар ходимларига айтди…
 
Суд мажлисида Б. Ихтиёровнинг қилмиши қаттиқ қораланди. Ахир, марҳум Х. Йўлдошев ўша машъум авариядан олган тан жароҳатлари оқибатида орадан 8 кун ўтиб, туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмди. У эндигина 22 ёшни қарши олган эди. 3 нафар бири-биридан ширин жажжи фарзандлари отасиз қолди. Яна бир йўл транспорт ҳодисаси қурбони Ғ. Зиямутдинов эса воқеа жойида ҳалок бўлди. 
 
Ваҳоланки, уларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганида ҳаёти сақлаб қолинарди, эҳтимол.
 
Суд Б. Ихтиёровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топди. Унга нисбатан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: