29 март 2019
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори профилактика ишлари янада ривожланишида муҳим асос бўлаётир.
Хусусан, мамлакатимизда ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган бир қатор профилактик тадбирлар йўлга қўйилган. Аслида фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси жамиятда ҳуқуқий маданият қанчалик юксалганига боғлиқ. Бошқача айтганда, ҳар бир фуқаро қонунларни яхши билса, уни чуқур англаса, ҳеч кимнинг ҳуқуқлари бузилмайди.
Буларни тушунтириш ва аҳоли ўртасида билмасдан жиноятга қўл уриш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда сайёр суд ҳамда сайёр учрашувлар ўтказилмоқда. Бундан мақсад фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноят ёқасига келиб қолганларни огоҳлантириш ва жиноятнинг олдини олишдир. Сайёр учрашувларда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги янада ошгани кўринмоқда.
Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган сайёр суд мажлисларида кўрилаётган ишлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, бошқа турдаги жиноятларга қараганда давлат мулкини талон-тарож қилиш, фирибгарлик, ўзгалар мулкига тажовуз қилиш каби ҳолатлар кўпроқ учрамоқда. Бугун тадбиркорларга катта имкониятлар яратиб берилган бўлсада, бу имкониятлардан қинғир йўлда фойдаланмоқчи бўлганлар ҳам учраб турибди. Аҳоли билан ўтказилган сайёр учрашувларда айнан шундай ҳолатлар юз бермаслиги учун тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз.
Биргина мисол: сайёр суд мажлисларининг бирида Даврон Каримовнинг иши кўрилди. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқий билими етишмагани оқибатида бу йигит сохта тадбирлар, давлат мулкини талон-тарож қилган шахслар таъсирига тушиб, ўзи билмаган ҳолда жиноятчига айланди. Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши очилди. Ўрганиш давомида айбланувчининг аслида бу ишларга аралашмагани, лекин ҳужжатларга имзо чекиб, маош олгани аниқланди.
Аҳоли билан учрашувларда ана шундай жиноятларнинг олдини олишда ҳаётий мисолларни келтириб ўтамиз. Судьяларнинг аҳоли билан учрашувидан мақсад ҳам фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали уларни содир этилиши мумкин бўлган жиноятлардан асраб қолишдир.
Ёқутхон ҲАЙДАРОВА,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди раиси
Фикр қолдириш