15 апрель 2019
Аввал хабар берганимиздек, Олий суд раҳбариятининг жойларда аҳоли билан сайёр қабуллари давом этмоқда. Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ва ишчи гуруҳ аъзолари 13-14 апрель кунлари Сурхондарё вилоятида бўлиб, Шеробод ва Денов туманлари ҳамда Термиз шаҳридаги Халқ қабулхоналарида фуқароларни қабул қилди. Шеробод туманидаги сайёр қабулда 63 та, Деновда 153 та, Термиз шаҳрида 66 та, жами 282 та мурожаат кўриб чиқилди. Шундан 213 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди, 6 та мурожаат жойида ҳал этилди. 40 та ариза назорат тартибида, 23 таси ўрганиш учун қабул қилинди.
Шунингдек, 13 нафар махбус жазони ўташ жойидан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. Аҳлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва синов муддатини ўтаётган 42 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан олдин озод этилди.
Сайёр қабулда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди иш юритувидаги эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган судланувчи Абдуллаев Жасурбек Ғафур ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “а” банди билан 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоқдан озод этилди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди иш юритувидаги эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган судланувчи Раджабов Бахтияр Холмурадовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, қамоқдан озод этилди.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича 11 нафар шахс жавобгарликдан озод қилиниб, маъмурий иш тугатилди.
– Мен Қизириқ тумани “Бирдамлик” маҳалласида истиқомат қиламан, – дейди Гулчеҳра Хўжақулова, – сайёр қабулга Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди қароридан норози бўлиб мурожаат қилдим, қабулда мени тинглашиб, Олий судга мурожаат қилиш ҳуқуқим тушунтирилди.
Сайёр қабулда фуқаро Саломат Алибоева Олий суд раҳбариятига ташаккурнома билдирди.
Ўтказилган сайёр қабуллар жараёнида “Фарзанд – омонат” видео фильми намойиш этилиши ва олиб борилган суҳбатлар натижасида алоҳида яшаётган 2 та эр-хотин яраштирилиб, оиласи тикланди.
Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров томонидан Шеробод ва Денов тумани Халқ қабулхоналарига, Термиз шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйига ҳуқуқий адабиётлар тўплами совға қилди.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш