САЙЁҲЛИК ФИРМАСИ 10 НАФАР ФУҚАРОНИ САЛКАМ 300 МИЛЛИОН СЎМГА ЧУВ ТУШИРДИ

Фарғонада Ҳаж ва Умра зиёратига жўнатишни ваъда қилиб, 10 нафар фуқарони салкам 300 миллион сўмга чув туширган сайёҳлик фирмаси раҳбарининг кирдикорлари фош этилди.

Мамлакатимизда муқаддас ҳаж зиёратини эмин-эркин амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётгани қувонарли. Албатта, кўплаб юртдошларимиз йиллар давомида ҳалол меҳнат билан пул йиғиб, муқаддас зиёратга боришни ният қилади. Ҳаж ва умра сафарига бормоқчи бўлганларни алдаб, уларнинг пулларини ўзлаштириб юборган одамни ким деб аташ мумкин? Афсуски, шундай фирибгарлар ҳам бор экан. Бағдод туманидаги “UMID SAYYOX” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги сайёҳлик фирмасининг раҳбари Ҳ. Нишонов шундай ишга қўл урди. У 2015 йилда мазкур сайёҳлик фирмасини ташкил этган бўлиб, талабгорларнинг мамлакатимиз тарихий жойларига саёҳатини ташкил қилиш ишлари билан шуғулланиб келарди. Аста-секин бу борада тажрибаси ортиб, юртдошларимизни ҳаж ва умра зиёратига юбориш ҳаракатини ҳам бошлаб юборди. Аммо бу борада Ҳ. Нишоновнинг нияти умуман бошқа эди. У ҳаж ва умра зиёратига бориш истагидаги фуқароларни жалб қилиш мақсадида туман марказидаги аҳоли гавжум жойларда ўзининг реклама ва эълонларини ўрнатди. Саудия Арабистонига ҳаж ва умра зиёратига бориш истагида бўлган фуқароларга “Ўзбектуризм” миллий компанияси орқали юборишини маълум қилди. Қарабсизки, орадан кўп ўтмай офисининг эшигини тақиллатиб келувчилар пайдо бўлди. Ҳажга боришни ният қилиб юрган фуқаро М. Усмонов ҳам фирибгарнинг тузоғига тушди. Ҳ. Нишонов уни сайёҳлик фирмаси орқали умра зиёратига юборишига ишонтириб, дастлаб 14 миллион сўм, кейин 21 миллион сўм пулини қўлга киритди. Зиёрат тадоригини бошлаб юборган М. Усмонов фирибгарнинг қўлига тушганини ўйлаб ҳам кўрмаганди. Ҳ. Нишонов қарасаки, муқаддас зиёратга борувчилар анчагина, тайёргина мўмай даромад. Унинг фуқароларни Саудия Арабистонига зиёратга юбораётганидан А. Қодиров ҳам хабар топади. Ҳ. Нишонов олдига келиб, турмуш ўртоғи билан умрага бориш ниятида эканлигини айтганда, уларни ҳам авраб, ваъдани қуюқ қилди. Чол-кампирни зиёратга юбориш учун тўлов сифатида 28 миллион сўмни қўлга киритиб, яна эски найрангини қўллади. Яъни умра масаласи ҳал бўлмаганини айтиб, пойтахт орқали ҳажга юборишни ваъда қилди ва уларни яна 42 миллион, жами бўлиб 70 миллион сўмга “чув” туширди. Умуман олганда, Ҳ. Нишонов ҳаж ва умра зиёратига юбораман деб, 10 нафар фуқаронинг қарийб 300 миллион сўм маблағини ўзлаштириб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Шунингдек, Ҳ. Нишонов ижарага “Isuzu” русумли автобус ҳайдаб юрган фуқарони ҳам алдади. Гап шундаки, у ҳайдовчи Р. Қодировнинг ишончига кириб, агар ўзининг сайёҳлик фирмаси орқали фуқароларни юртимизнинг Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига олиб бориб келса, ҳар бир сайёҳ учун маълум ҳақ беришини айтди. Ўтган йилнинг июнь-август ойларида Р. Қодиров 3 маротаба сайёҳларни саёҳатга олиб бориб келди. Ҳисоб-китоб вақти келганда эса тутқич бермай, ҳайдовчини 4 миллион 300 минг сўмга туширди. Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судида Ҳ. Нишоновнинг жиноят иши кўриб чиқилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга, унга жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлаш мажбурияти ҳам юклатилди.  

ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: