30 апрель 2019
Жамшид Шопўлатов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 1985 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Бир нафар вояга етмаган фарзанди бор. Муқаддам жиноят ишлари бўйича Чирчиқ, Тошкент шаҳар, Сергели туман судлари томонидан турли жиноятларни содир этгани учун судланган.Қилмишидан тўғри хулоса чиқариб олмаган.
У 2018 йил 9 октябрь куни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан “Бектўпи” савдо мажмуасининг автотураргоҳида Абдухалил Маҳмудовнинг ишончига киради. Тадбиркорнинг умумий баҳоси 40 млн сўмдан ортиқ жами 34 минг 20 дона болалар тагликлари (памперс)ни икки кун ичида танишларига сотиб беришни ваъда қилиб қўлга киритади.
-Тез кунда сотиб бераман, ака, ишонаверинг, – дейди Ж.Шопўлатов.
Жамшид маҳсулотни қўлга киритгач, уларни арзон нархда сотиб юборади. А.Маҳмудовга берган ваъдасини унутади. Оқибатда мулк эгасига 40.824.000 сўм миқдорида моддий зарар етказади.
Кейинги пайтда Ж.Шопўлатовга ўхшаган фирибгарлар кўпайиб кетди…
Бундай фирибгарлар суд мажлисида безрайиб айбига иқрор бўлишдан ҳам тоймайди. Ж.Шопўлатов ҳам айбига иқрор бўлди. Олган нарсасини сотиб бераман, деб тилхат ҳам ёзиб берган. Кейин айбни ўзидан қидирмади. Эмишки маҳсулот сифатсиз бўлгани учун сота олмаган. Аслида унинг бир нечта танишларидан қарзи бўлган.
Аслида берилган пулнинг маҳсулот учун ўз вақтида қайтмаслигида мулк эгасининг ҳам айби бор. Танимаган, синалмаган одамга 40 миллион сўмлик маҳсулотни ўз қўли билан тутқазган. Хожатбарорни Азиза исмли таниши орқали топган.Унинг ишончли шерик эканлигини текширмаган.
Орадан анча кун вақт ўтса ҳамки, маҳсулот пуллари қайтмаган.
-Бўлмаса маҳсулотни қайтар, – дейди А.Маҳмудов.
-Тўхтаб туринг, акажон, сотиб берман, – бунга ҳам кўнмаган Ж.Шопўлатов.
Жабрланувчи бу ҳақда дастлаб Жамшиднинг ота-онасига айтади. Барибир ўзгариш бўлмайди. Ж.Тошпўлатов Абдухалилдан яшириниб юради. Мулк эгаси 58 та қутидаги қолган маҳсулотни ўзи билан қайтариб олиб кетган. Ва Ж.Шопўлатовга чора кўриш учун ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. Шундан сўнггина айбдор жабрланувчига 11.5 млн. сўм келтирган зарарни қоплади. Қолган 28,5 миллион-чи?
Суд ишдаги барча холатларга қонуний баҳо берди. Ж.Шопўлатовга ЖК нинг бир қатор моддалари билан айбдор деб топиб, ЖКнинг 60, 61-моддалари тартибида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели туман судининг 2017 йил 4 январдаги ҳукми билан тайинланган қўшимча жазонинг ўталмай қолган қисмини тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 11 ой 23 кун муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жазони манзил колонияда ўташ белгиланди.
Д.ДАДАХОНОВА,
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси
Фикр қолдириш