17 май 2019
Фарғонада қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланиб келган фуқарога суд томонидан жазо тайинланди.
Ихтиёр Турғунов 2017 йил июнь ойида транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлиги сабабли Ёзёвон тумани маъмурий судининг қарори билан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. Шундан сўнг у Россияга бориб, у ерда ҳайдовчилик қилиш мақсадида қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасини тайёрлаган. Ҳужжатнинг сохта эканлигини билгани ҳолда ундан фойдаланиб, Ўзбекистонга қайтиб келган.
Кўза кунда эмас, кунида синади, деган нақл бежиз айтилмаган. Жорий йилнинг 14 январь куни Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан фуқаро И. Турғунов қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланиб келаётганлиги аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг сайёр суд мажлисида И. Турғуновнинг мазкур ҳолат билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди. У Жиноят Кодекснинг тегишли моддалари билан айбли, деб топилиб, узил-кесил 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш муайян ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Шунингдек, суд қарори билан иш ҳақидан 20 фоиз давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
ЎзА
Фикр қолдириш