22 апрель 2019
Аввало шуни эътироф этиш жоизки, Президентимизнинг 2019 йил 6 январдаги «Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда судьялар тайёрлаш тизимини тубдан янгилашда яна бир муҳим қадам бўлди.
Қарорга биноан, юртимизда илк бор судьяликка номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун масъул бўлган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси — Судьялар олий мактаби ташкил этилди.
Ушбу мактабнинг асосий вазифаси этиб замонавий билимли, назарий билим, амалий тажриба, касбий кўникма ҳамда вақтдан унумли фойдалана оладиган номзодларни судьялик лавозимларига тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш белгиланди. Бу жараёнда инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асослантирилган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш усулларини таълим жараёнига жорий этиш лозимлиги белгилаб берилди.
2019 йил 10 январдан бошлаб грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича амалга ошириладиган судьялик лавозимларини эгаллаш учун юқори малакали кадрларни ўқитиш, давомийлиги икки ой бўлган раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш, шунингдек, давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш жорий этилди.
2019 йил 15 апрель куни Судьялар олий мактабида илк бор мамлакатимиздаги маъмурий суд судьяларининг икки ҳафталик ўқув курси бошланди. Ушбу курс тингловчилари соҳада катта иш тажрибасига эга бўлган судьялар ва бошқа малакали мутахассислардан сабоқ олади. Дарс жадвалига «Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти. Олий суд Пленумининг «Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 19.05.2018 йилдаги №15-сонли қарори мазмун-моҳияти ва унда белгиланган қоидалар», «Маъмурий суд ишларини юритишда хал-қаро ва хорижий давлатлар тажрибаси», «Бошқарув. (Менежмент психологияси) Бошқарувни тўғри ташкил этиш. Шахсий ва касбий ривожлантириш механизмлари», «Конфликтология. Низоларнинг келиб чиқиши, иш жараёнида низоларни ҳал қилишнинг самарали усуллари», «Одил судловга тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларга оид суд амалиёти (муаммо ва ечимлар)» каби муҳим мавзулардаги машғулотлар киритилган.
Дастлабки дарсдан сўнг Судьялар олий мактаби раҳбарияти биринчи тингловчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Акмал БОБОНАЗАРОВ,
Касби тумани маъмурий судининг раиси:
— Менда дарс жадвалидан ўрин олган ўқув машғулотлари жуда катта таассурот қолдирди. Ҳақиқатан ҳам, маъмурий суд амалиётида маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ҳамда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриш амалиётида баъзи бир муаммолар учрайди. Масалан, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида ёки маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича ўзимиз дуч келаётган муаммоларни тўғри ҳал қилиш бўйича ўқитувчиларга саволлар бердик. Бугун Олий суд судьялари билан ҳам айни шу масала бўйича фикр-мулоҳазалар алмашдик. Бу эртанги ишларимизда ижобий натижа беради.
Жалолиддин ҲУСЕНОВ,
Наманган шаҳар маъмурий судининг раиси:
— Судья мустақил фикрловчи, қатъиятли, жасур ва ҳалол, ўзи қабул қилган қарор учун тўла жавоб бера оладиган шахс бўлиши шарт. Ўқув курсида ўтилаётган машғулотлар айнан шунга қаратилган. Ўқув машғулотлари фақат назарий томондан эмас, балки амалиёт билан уйғун ҳолда олиб борилаётганлиги диққатга сазовордир. Бу мавзуларни катта ҳаётий ва иш тажрибасига эга бўлган судьялар ўтмоқда. Улар бу мавзулар бўйича амалиётдаги муаммоларни ҳам жуда яхши билишади.
Нурали ҚУРБОНОВ,
Судьялар олий мактаби ўқитувчиси:
— Олий мактабда ўқитишни замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этиш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда вебинар ўқитиш усулидан самарали фойдаланиш, интерфоал ўқитиш услубларини таълим жараёнига кенг жорий этиш мақсадида ўндан ортиқ халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар таълим муассасаларининг ваколатхоналари билан илмий-амалий, ўқув-услубий, ахборот алмашинув, моддий-техник соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Айни пайтда Россия, Қозоғистон, Канада, АҚШ, Шотландия, Словения, Украина, Грузия ва бошқа давлатларнинг судьялар тайёрлашга масъул муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш тадбирлари кўрилмоқда.
Қайд этиш жоизки, ҳар бир фан бўйича янгича иннова¬цион методлардан фойдаланиб, профессор-ўқитувчилар томонидан мавзуга оид тарқатма материаллар ҳамда амалиётдан мисоллар келтирган ҳолда ўқитишнинг интерфаол усуллари қўлланилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан Судьялар олий мактаби олдига мамлакатимизда судьялар корпусини тайёрлашнинг ягона тизимини ташкил этиш, юриспруденция, касбий этика, психология, ишга оид мулоқот, вақтни унумли тақсимлаш, музокоралар олиб бориш, ахборотлар билан ишлаш технологиялари, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллашга доир назарий ва амалий кўникмаларга эга, мустақил фикрловчи, қатъиятли, жасур ва ҳалол судья ва суд ходимларини тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Шу мақсадда Олий мактабда қисқа даврда ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини қўллаш кўникмаларига, амалий тажрибасига эга бўлган профессор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилди. Бунда асосий эътибор уларнинг айнан суд тизимида иш тажрибаси ва малакасига эга эканлигига қаратилиб, амалдаги судьялар ва суд тизимида ўз меҳнат фаолиятини олиб борган ходимлар орасидан танлаб олинди.
Арслон ЭШМУРОДОВ,
журналист
Фикр қолдириш