У.Сайдаҳмедов мактаб ўқитувчилари ҳамда ўқувчилари билан учрашиб, бугунги кунда мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш борасида суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.
Суҳбат чоғида У.Сайдаҳмедов ўқувчиларга китоб билан дўст тутиниш, унинг ҳаётдаги ўрни ҳақида сўзлаб, бугунги кунда муҳтарам юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш” йўналиши ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънан баркамол бўлиб улғайишига, уларнинг китобга бўлган қизиқишини, меҳрини ва интилишини оширишга, китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган ишлар натижасида бугунги кунда барча юртдошларимиз, айниқса ёшларимиз томонидан китобхонликни авж олганлигини айтиб ўтди.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек “Китоб инсоннинг ички дунёсига нур олиб киради. Китобга меҳр қўйган, у билан дўст тутинган инсоннинг кўнглига хотиржамлик, маънавий оламига эса гўзаллик ошуфта бўлади. Зеро, ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди”.
Судьялар олий кенгаши ўқитувчиси ўқувчиларга ўзининг шахсий кутубхонасидан бадиий ва илмий-оммабоп китоблар жамланмасини совға қилди.
Китобхонлик тарғиботига қаратилган бу каби учрашувлар Судьялар олий мактаби ташаббуси билан давом этмоқда.
З.ШАРИФЖОНОВ
Фикр қолдириш