СУДЬЯ МАҲАЛЛАГА ТАШРИФ БУЮРДИ, ОДАМЛАРГА КИТОБ СОВҒА ҚИЛДИ

23 март 2019

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” лойиҳаси йўлга қўйилди. Унга кўра, ҳар бир маҳаллага судьялар бириктирилган. Судья тегишли маҳаллага бориб, аҳоли билан мулоқот олиб бориши, ҳуқуқий муаммолар бўйича амалий кўмак кўрсатиши керак.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди судьяси Қаҳрамон Мирсафоев лойиҳа доирасида тумандаги “Дилбоғ” маҳалласига ташриф буюрди.
 
Даставвал судья маҳалла идорасига тўпланган аҳолини Наврўз умумхалқ байрами билан қутлаш баробарида фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларига оид барча билиши зарур жиҳатлар бўйича маъруза қилди. Кучга кирган янги қонунлар ҳақида маълумот берди.
 
Одамларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш асносида ҳал қилиниши зарур бўлган муаммоси бўлган тўрт нафар фуқаро билан алоҳида суҳбат ўтказди. Қаерга, қандай тартибда мурожаат қилиш кераклигини тушунтирди.
 
Учрашув давомида Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан айбланган С. Ж. ва Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан айбланган Ж. Н. га оид жиноят ишлари сайёр суд тартибида жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилди.
 
Бу жараёнда у каби жиноятларни содир этиш қандай оқибатларга олиб келиши йиғилганларга тушунтириб берилди. Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш билан боғлиқ бўлиб, бундай жиноят содир этганлар энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 266-модданинг 1-қисми яъни транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
 
Судланувчиларга тегишли тартибда жазо тайинланди. Ўз навбатида, аҳолига бу каби жиноятлардан огоҳ бўлиш, уларни қилмаслик, чунки улар жамият муҳитига, ҳаётимизга соя солиши билан бирга бу жиноятни содир этган шахсларни ҳам қийин вазиятларга тушириши таъкидланди.
 
Учрашув якунида судья йиғилганларга ҳуқуқий китоблар, газета ва журналлар, маҳалла кутубхонасига Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари ва бошқа зарур адабиётлар совға қилди. 
 
 
 
ЎзА 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: